Апрелдан ўқитувчи ва шифокорлар маоши икки баробарга оширилади. Қирғизистонда!
Садир Жапаров Қирғизистонда таълим ва тиббиёт соҳасида ишлайдиган ходимлар учун кутилган янгиликни эълон қилди. Давлат раҳбарининг маълум қилишича, 2026 йил 1 апрелдан бошлаб мамлакатда ўқитувчилар ва шифокорларнинг иш ҳақи 100 фоизга, яъни икки баробарга оширилади. Бу ҳақда у 25 декабрь куни бўлиб ўтган Халқ қурултойида сўз юритди.
Президент таъкидлашича, ўқитувчи ва шифокорларга бўлган ҳурмат кучли давлат қуришнинг асосий таянчларидан бири ҳисобланади. Унинг сўзларига кўра, ўқитувчилар миллат келажагини тарбиялайди, шифокорлар эса инсон саломатлиги ва ҳаётини асрайди. Шу билан бирга, бугунги кунда ушбу касб эгаларига нисбатан ҳурматсизлик, қўпол муносабат ва ҳатто зўравонлик ҳолатлари учраётгани жамият учун жиддий муаммо эканини қайд этди. Жапаров буни маданиятсизликнинг энг юқори кўриниши деб атаб, икки муқаддас касбнинг обрў-эътиборини тиклаш зарурлигини алоҳида урғулади.
Маълум қилинишича, ҳозирда Қирғизистонда ўқитувчиларнинг ўртача ойлик маоши 26 минг сомни (тахминан 3,5 миллион сўм) ташкил этади. 2026 йил 1 апрелдан кейин эса бу кўрсаткич 52 минг сомга (тахминан 7 миллион сўм) етади. Президентнинг таъкидлашича, маош миқдори ўқитувчининг маълумот даражаси, иш стажи, малака тоифаси, жойлашган ҳудуди, ўқитилаётган фан ва ҳафталик юкламасига қараб белгиланади.
Масалан, шаҳар мактабида иш бошлаётган, тажрибасиз ёш ўқитувчининг ойлиги 1 апрелдан бошлаб 36 800 сомни (5 миллион сўм) ташкил этади. Солиқлар ва ижтимоий тўловлардан сўнг у тахминан 31 200 сом (4,2 миллион сўм) қўлига олади.
Шифокорлар маоши ҳам сезиларли оширилади. Ҳозирда уларнинг ўртача ойлиги 31 500 сом (4,3 миллион сўм) бўлса, 2026 йил апрелидан бу кўрсаткич 62 500 сомга (8,6 миллион сўм) етади. Солиқлардан кейин шифокорлар тахминан 50 минг сом (6,9 миллион сўм) соф даромад олади.
Чекка тоғли ҳудудларда 30 йиллик тажрибага эга, тўлиқ иш кунида фаолият юритаётган юқори малакали шифокорнинг ойлик маоши эса 91 700 сомга (12,6 миллион сўм)гача етиши, солиқлардан сўнг эса тахминан 75 700 сомни (10,4 миллион сўм) ташкил қилиши айтилди.
Бундан ташқари, келгуси йил 1 апрелидан бошлаб ҳар бир лавозим учун 5000 сом (680 минг сўм) миқдорида қўшимча президентлик компенсацияси жорий этилиши ҳам маълум қилинди. Бу қарор Қирғизистонда таълим ва тиббиёт соҳасида ишловчиларнинг ижтимоий мақомини оширишга қаратилган муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.