Ўзбекистонда ўртача ойлик иш ҳақи 6,2 миллион сўмга етди
Марказий банк меҳнат бозори бўйича янги ҳисоботини эълон қилди: даромадлар ва пул ўтказмаларида ўсиш кузатилмоқда.
Ўзбекистон Марказий банки 2025 йилнинг учинчи чораги якунларига кўра мамлакатдаги иқтисодий ҳолат ва меҳнат бозори таҳлилини тақдим этди. Унга кўра, аҳолининг даромадлари ва иш билан бандлик даражасида ижобий суръатлар давом этмоқда.
Жорий йилнинг III чорагида номинал иш ҳақи миқдори 19,2 фоизга кўтарилган. Инфляция таъсирини чиқариб ташлаганда, фуқароларнинг реал даромадлари ўсиши 9,1 фоизни ташкил этди.
Ҳозирда мамлакат бўйича ўртача иш ҳақи 6,2 миллион сўмни ташкил қилмоқда. Энг кўп маош олувчи соҳалар сифатида молия, суғурта ҳамда АКТ (IT) тармоқлари етакчилик қилмоқда.
Вилоятлар кесимида маошларнинг энг тез ўсиши қуйидаги ҳудудларда кузатилди:
1. Самарқанд вилояти — 14,6 фоиз;
2. Сирдарё вилояти — 11,1 фоиз;
3. Наманган вилояти — 10,9 фоиз.
Қувонарлиси, Ўзбекистондаги реал иш ҳақи ўсиши қўшни Марказий Осиё давлатларидаги ўртача кўрсаткичлардан анча юқори. Миллий валютамизнинг барқарорлиги эса энг кам иш ҳақини доллар ҳисобида 103 долларга етказди.
Меҳнат бозорида ваканциялар сони ҳам 3,3 фоизга кўпайган. Энг кўп ходимлар савдо, умумий овқатланиш ва саноат корхоналарига қидирилмоқда.