Флорентино Перес Зиданни «Реал»га яна қайтаришни истаяпти
Мадриднинг «Реал» клуби раҳбариятида катта режалар пишиб етилаяпти. Манбаларга кўра, клуб президенти Флорентино Перес француз футбол афсонаси Зинедин Зиданни яна “қаймоқранглилар” бош мураббийи сифатида кўришни қатъий мақсад қилган.
Қайд этилишича, Перес 53 ёшли мутахассисни Франция миллий терма жамоаси билан эҳтимолий келишувдан воз кечиб, 2026 йилдан бошлаб "Реал Мадрид"ни яна бошқаришга кўндириш ниятида. Клуб раҳбарияти Зиданни “Реал” тарихи билан боғлиқ чуқур синовдан ўтган ва катта босим остида ишлашни яхши биладиган мураббий сифатида кўрмоқда.
Зидан учун Мадрид бегона жой эмас. У 2013/14 йилги мавсумда жамоада ёрдамчи мураббий сифатида фаолият юритган, кейинчалик 2016–2018 ҳамда 2019–2021 йилларда асосий жамоани бошқарган. Ана шу даврда “Реал” икки марта Испания чемпиони бўлди ва энг муҳими — уч марта кетма-кет Чемпионлар лигаси кубогини қўлга киритиб, Европа футболи тарихида ўчмас из қолдирди.
Айни пайтда эса мадридликлар рулида Хаби Алонсо турибди. У 2025 йил май ойидан жамоани бошқариб келяпти. Ла Лиганинг 2025/26 йилги мавсуми 18-туридан кейин “қаймоқранглилар” 42 очко билан мусобақа жадвалида иккинчи поғонадан жой олган.
Шу билан бирга, клуб ичида келажак ҳақида жиддий ўйланишлар бошланган. Агар Перес режаси амалга ошса, “Сантьяго Бернабеу”да яна бир бор Зидан даври бошланиши мумкин. Бу эса мухлислар учун нафақат ностальгия, балки катта умидлар қайтиши демакдир.