Одамлар орасида ҳамма нарса пала-партиш...
Ҳеч эътибор берасизми, табиатда ҳаммаси жойида: – ҳеч бир эшак отлар уюрига етакчи бўлишга уринмайди; – ҳеч бир қўнғиз асалариларга бол йиғишдан ваъз ўқимайди; – ҳеч бир тошбақа сиртлонларнинг тез чопиш салоҳиятини муҳокама қилмайди; – ҳеч бир капалак ўзини чумолилардан кўра меҳнаткаш ҳисоблаб, лоф урмайди; – ҳеч бир ит арслонга ақл ўргатмайди; – ҳеч бир дарахт ўз мевасини ўзи емайди; – ҳеч бир гул ўзи учун ифор сочмайди; – ҳеч бир гиёҳ ўзи ўсган ернинг нобоплигидан шикоят қилмайди... Одамлар орасида эса ҳамма нарса пала-партиш, ҳеч ким ўз ўрнида эмас: – номуссизлар иффатлиларга ахлоқдан ўгит беради; – мияси тузукроқ ишламайдиган одамлар оқилларга бош бўлиш ҳаракатида; – ўғрилар тўғриларга адолатдан баҳс этади; – ёлғончилар ҳақгўйларга ҳақиқатдан ваъз ўқийди; – омилар зиёлиларга ақл ўргатади; – билмайдиганлар билгичларни пойгакда қолдиради; – ҳеч нарса яратмаганлар яратилганларга хўжайинлик қилади... «Ахир улар самовот ва Ер мулклари ҳақида, Аллоҳ яратган нарсалар тўғрисида ва ажаллари яқинлашиб қолган бўлиши мумкинлиги хусусида ўйламайдиларми?!» («Аъроф» сураси, 185-оят). Дилфуза Комил Манба: Azon.uz