Владимир Путин номзоди Россия президентлигига расман тақдим этилди
![Владимир Путин номзоди Россия президентлигига расман тақдим этилди](https://gdb.rferl.org/8142CB86-BDE7-4F9C-8272-83550F414305_cx0_cy5_cw0_w800_h450.jpg)
Москвадаги ВДНХ кўргазмалар марказида 26 декабрь куни бўлиб ўтган ташаббус гуруҳи йиғинида Владимир Путин номзоди 2018 йилги президент сайловига номзод этиб расман илгари сурилди.
600 кишилик бу йиғинда ҳукумат мулозимлари қатори балет артисти Николай Цискаридзе, режиссëр Владимир Хотиненко, актëрлар Михаил Боярский ва Владимир Машков, дизайнер Валентин Юдашкин, пианиночи Денис Мацуев, Comedy Club вакиллари Гарик Харламов и Михаил Галустян, совет хоккейчиси Владислав Третьяк каби санъат ва спорт намояндалари ҳам иштирок этди.
Ташаббус гуруҳи йиғинини бошлаш олдидан тўпланганларга Оливер Стоуннинг "Путин" ва Алексей Пимановнинг "Қрим" фильмлари намойиш этилди.
Йиғинда Путиннинг ўзи қатнашмади¸ Кремль расмийлари буни президентнинг «ўта банд»лиги билан изоҳлади.
65 яшар Путин Россияни 1999 йил охиридан бери бошқариб келмоқда. Путин ушбу 17 йилнинг 13 йилини Россия президенти¸ 4 йилини эса¸ Бош вазири лавозимида ўтказди.
25 декабрь куни Россия Марказий сайлов комиссияси Путиннинг ашаддий танқидчиси Алексей Навальний номзодини президентликка даъвогар сифатида рўйхатга олиш сўровини рад этди.
Шу муносабат билан Навальний ўз тарафдорларини 2018 йил мартига белгиланган президент сайловларини бойкот қилишга чақирди.