Самвел Бабаян бугунги мағлубиятдан сўнг истеъфога чиқишни маълум қилди
Суперлиганинг 7-тури доирасида “Андижон” ўз майдонида ОКМКга қарши учрашувда 1:2 ҳисобида мағлуб бўлди. Ушбу натижадан кейин жамоа бош мураббийи Самвел Бабаян матбуот анжуманида истеъфо бериши ва клубни тарк этишини расман маълум қилди.
«Биринчи навбатда бугунги натижа учун ҳаммадан узр сўрайман. Нима дейишим мумкин? Тушунтириш жуда қийин. Бу ҳол менинг фаолиятимда биринчи марта рўй бермоқда. Нима бўлиши керак бўлса, бўлди. Фақат бу ҳол айнан «Андижон»да содир бўлгани ачинарли.
Бугунги рақибимиз ҳам қийин вазиятда эди. Ўйинни ёмон бошламадик, деб ўйлайман. Бир қатор имкониятларимиз бўлди, стандарт вазиятлардан ҳам фойдалансак бўларди. Ҳаракат қилдик, аммо тўп дарвозага кирмади. Қанот ҳимоясидаги хатолар туфайли гол ўтказдик. Дарвозамиздан иккита тўп ўтказиб юбордик, буни тушунтириш қийин», — деди Бабаян.
Мутахассис жамоа мавсумни ёмон бошламаганини, аммо кейинги турларда майда хатолар қимматга тушганини айтди.
«Бу ерга келганимда сафарда «Бунёдкор»ни ютиб, клубни Суперлигада сақлаб қолгандик. Раҳбарият жамоани шакллантириш учун барча шароитларни яратиб берди. Ёмон трансферлар қилмадик. Кимни хоҳлаган бўлсак, ҳаммасини ололмадик, чунки кўпчиликнинг амалдаги шартномаси бор эди. Аммо имконимиз доирасида таркибни кучайтирдик.
Йиғинларда фаол ишладик, мавсумни ҳам яхши бошладик. Ҳатто 4:0 ҳисобидаги ғалабадан кейин ҳам бу жамоанинг атиги 60 фоизини кўряпмиз, дегандим. Бу ёлғон эмасди. Мен ҳали ўзим хоҳлаган жамоани тўлиқ кўрмагандим», — дея қўшимча қилди мураббий.
Самвел Бабаян сўнгги мағлубиятлар ҳақида ҳам алоҳида тўхталди.
«Қизилқум»га қарши баҳсда кайфият етишмади. «Нефтчи»га қарши ҳам ютқаздик. «Машъал» билан ўйинда вазиятни тўғрилаш имконияти бор эди. FIFA кунларидан кейин эса кетма-кет учта мағлубият бўлди.
«Насаф» билан баҳсда биргина қўпол хато туфайли ютқаздик. «Навбаҳор»га қарши эса 90+4-дақиқада рақиб дурангни сақлаш учун ўйинчи алмаштирди, биз эса мувозанатни йўқотиб, гол ўтказдик. Бугунги мағлубият ҳам тушунарсиз бўлди», — деди Бабаян.
Мураббий клуб раҳбарияти, вилоят ҳокими ва мухлисларнинг қўллаб-қувватловини алоҳида эътироф этди.
«Қандай талаблар қўйилган бўлса, клуб барчасини бажарди. Бу ерга яхши ният билан, «Андижон» тарихидаги энг яхши натижани яхшилаш учун келгандим. Футболчилар ҳам юқори мақсадлар билан келди. Жамоа учун барча шароитлар яратилди.
Тўғрисини айтсам, эркакча гапираман: энди бу ерда бошқа ҳаракат қила олмайман. Клуб бошқарувини бошқасига топшираман. Мен ва мураббийлар штабим истеъфога чиқамиз.
Вилоят ҳокими барча шароитларни яратиб, натижа учун жонбозлик билан ҳаракат қиляпти. Клуб юқори натижаларни кўрсатиши учун барча ишлар қилиняпти. Ўзбек футболи ривожи йўлида ҳам катта ишлар бўляпти. Биз кечаю кундуз ишладик. Агар 25 соат бўлса ҳам ишлашга тайёр эдик. Афсуски, меҳнатларимиз ўхшамади. Демак, ниманидир ўзгартириш керак», — деди Бабаян.
Якунда Самвел Бабаян футболчилар, мухлислар ва фан-клубга миннатдорлик билдирди.
«Футболчиларга эътирозим йўқ, улар қўлларидан келганича ҳаракат қилишди. Барча мухлисларга раҳмат. Ишимиз бошидан бугунгача бизни қўллаб-қувватлашди.
Нодир Тўйчиевга алоҳида раҳмат. У жамоани доим қўллаб-қувватлаб келди. Унинг бошчилигидаги фан-клуб мамлакатимиздаги энг яхшиларидан бири. Бундай мухлислар кўп нарсага лойиқ. «Андижон»га келгусида омад тилайман», — дея якунлади Бабаян.
Маълумот учун, «Андижон» Суперлига 7-туридан сўнг 6 очко билан 12-поғонада бормоқда.