Трамп Ҳўрмуз бўғозида блокада эълон қилди, дунё хавотирда...
Яқин Шарқдаги вазият янада кескин тус олди. АҚШ президенти Доналд Трамп Ҳўрмуз бўғозида денгиз блокадаси бошланганини эълон қилиб, Эронга нисбатан жуда оғир баёнот берди. Унинг сўзларига кўра, Вашингтон “Эрондан қолганини ҳам тугатиш” имкониятини истисно қилмаяпти.
Маълумотларга кўра, Трамп Truth Social платформасида АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари бўғозга кирувчи ва чиқувчи кемалар ҳаракатини назорат қилиш ва тўсиш жараёнини бошлаганини билдирган. У бу қарорни минтақадаги хавфсизлик билан боғлиқ кескин вазият билан изоҳлади.
АҚШ томони Эронни глобал даражада “товламачилик”да айблаб, унинг Ҳўрмуз бўғози атрофида миналар ўрнатиш эҳтимолини қоралади. Трамп бу ҳаракатларни жаҳон савдосига таҳдид деб баҳолади.
Унинг таъкидлашича, Эрон билан олиб борилаётган музокараларда айрим масалалар бўйича илгарилаш мавжуд, аммо ядровий дастур бўйича келишмовчилик сақланиб қолмоқда. Шу билан бирга, кемаларнинг эркин ҳаракати бўйича ҳали аниқ келишув йўқлиги айтилди.
Трамп АҚШ ҳарбий-денгиз кучларига халқаро сувларда фаол ҳаракат қилиш, шунингдек, эҳтимолий миналарни зарарсизлантириш бўйича буйруқ берганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, америкалик ҳарбийларга ва тинч кемаларга ҳужум қилишга уринишлар қаттиқ жавоб билан қайтарилади.
Президент шунингдек, Ҳўрмуз орқали ўтувчи танкерлар масаласида янги иқтисодий босим механизмлари кўриб чиқилаётганини ҳам айтди. У бундай шартлар “эркин навигация” тамойилига зид эканини таъкидлади.
Оқ уй раҳбари бошқа давлатлар ҳам ушбу операцияларга қўшилиши мумкинлигини истисно қилмади. У АҚШ ҳарбийлари юқори тайёргарлик ҳолатида эканини қайд этди.
Вазият кескинлашган бир пайтда Россия президенти Владимир Путин ва Эрон раҳбари ўртасида телефон суҳбати бўлиб ўтгани, шунингдек, Франция ҳам минтақа бўйича музокараларда иштирок этишга тайёрлигини билдиргани маълум қилинди.
Шу тариқа, Ҳўрмуз бўғози атрофидаги зиддият глобал сиёсий ва энергетик мувозанатни янада беқарор ҳолатга олиб чиқмоқда.