Синдаров - Каруана баҳсида дуранг: Жавоҳир пешқадамликни сақлаб қолди
Кипрда ўтаётган Номзодлар турнири қизғин давом этмоқда. Мусобақанинг 11-турида ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдаров оқ-қора курашда америкалик кучли шахматчи Фабиано Каруанага қарши қора доналарда ҳаракат қилди.
Эътиборлиси, ушбу шахматчилар ўртасида биринчи давра баҳсида Синдаров ғалаба қозонган эди ва бу гал ҳам у кучли рақибга қарши ўйинда ўз устунлигини сақлашга ҳаракат қилди.
Ҳозирги ҳолатга кўра, Синдаров 8,5 очко тўплаб, турнир жадвалида якка пешқадам бўлиб турибди. Унинг энг яқин таъқибчиси сифатида нидерландиялик гроссмейстер Аниш Гири 6,5 очко билан иккинчи ўринда бормоқда.
Маълумот учун, 12-тур учрашувлари 12 апрель куни ўтказилади. Унда Синдаров америкалик машҳур шахматчи Ҳикару Накамурага қарши дона суриши кутилмоқда. Турнир якунланишига яна учта тур қолган бўлиб, ҳар бир партия ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда.
Номзодлар турнири ғолиби 70 минг евро мукофот пулга ҳамда жаҳон шахмат тожи учун асосий баҳсга чиқиш имкониятига эга бўлади.