Туркиядаги ўзбекистонликларга хавфсизлик бўйича огоҳлантириш берилди
Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси Туркияда вақтинчалик яшаётган ёки бўлиб турган ватандошларни шахсий хавфсизликни ошириш ва бир қатор муҳим қоидаларга риоя қилишга чақирди.
Консулхона тавсияларига кўра, ўзбекистонликлар шубҳали вазиятлардан узоқда бўлиши, оммавий йиғин ва намойишларда қатнашмаслиги, гавжум жойларда эса ҳушёрликни ошириши керак.
Шунингдек, агар ҳуқуқлари бузилса ёки фавқулодда ҳолатга дуч келса, зудлик билан маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари (155 – Полиция, 156 – Жандармерия) ёки Бош консулхонанинг 24/7 ишонч телефонига мурожаат қилиши тавсия қилинади.
Консулхона шунингдек, Туркияда ҳужжатларни расмийлаштириш, фирибгарлик ва рухсатсиз такси хизматларидан эҳтиёт бўлишни ҳам эслатди. Уларнинг сўзларига кўра, “Ҳурматли ватандошлар, сизнинг ҳуқуқ ва манфаатларингиз давлат ҳимоясидадир!”
Ушбу тавсиялар Туркияда яшаётган ўзбекистонликларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва эҳтиёт чораларини кучайтиришга қаратилган.