Ўзбекистон терроризм бўйича халқаро рейтингда нечанчи ўринда?
Марказий Осиё давлатлари дунёда террорчилик таъсири энг кам бўлган мамлакатлар қаторига кирди. Шунга қарамай, ҳисоботда минтақа барқарорлигига ташқи таъсирлар, айниқса, Афғонистонга яқинлик янада сезиларли таъсир қилаётгани қайд этилган. Бу ҳақда “Глобал терроризм индекси 2026” ҳисоботида маълум қилинган.
Мамлакатларнинг кўрсаткичлари тўрт асосий индикатор: ҳужумлар сони, ўлим ҳолатлари, жароҳатланганлар ва гаровга олинганлар асосида шакллантирилади. Терроризм таъсирини баҳолаш учун беш йиллик ўртача кўрсаткичлар қўлланилади. Террорчилик фаолияти асосий ўчоқлари Африка ва Жанубий Осиёда сақланмоқда. 2025 йилда дунёда терроризмнинг умумий даражаси камайган бўлса-да, таҳдидларнинг табиати мураккаб ва прогноз қилиш қийинлашган.
Ҳисоботга кўра, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркманистонда бирорта ҳам террорчилик ҳодисаси қайд этилмаган. Ушбу давлатлар 0 балл билан тадқиқотда иштирок этган 163 мамлакат орасида охирги (163-ўрин) бўлишиб турибди. Ўзбекистон эса 95-ўринни эгаллаб, минимал хавф тоифасида қолмоқда. Минтақада фақат Тожикистон хавф даражаси баландроқ бўлиб, глобал рейтингда 41-ўринда жойлашган.
Марказий Осиёда нисбий барқарорлик бир қанча омиллар, жумладан қатъий хавфсизлик чоралари, фаол қуролли можароларнинг йўқлиги ва халқаро террорчилик ташкилотларининг чекланган иштироки билан изоҳланади.
Ички барқарорликка қарамай, минтақада хавфлар тобора ташқи таъсирдан келиб чиқмоқда. Ҳисоботда Афғонистон ва Покистонда экстремистик гуруҳлар фаолияти кучайгани, икки давлат ўртасида муносабатлар ёмонлашгани ва бу 2026 йилга келиб очиқ можарога айланиши мумкинлиги таъкидланган. Айниқса, заиф нуқталар сақланиб қолаётган Тожикистон-Афғонистон чегараси хавотир уйғотмоқда.
Ташқи босимлардан ташқари, экспертлар ички динамикага ҳам эътибор қаратмоқда. Ёшлар орасида радикаллашув тезлашмоқда, бу жараёнда рақамли платформалар ва онлайн контент муҳим аҳамиятга эга.
Рейтингда биринчи ўринни Покистон эгаллаган, кейинги ўринларда Буркина-Фасо ва Нигер бор. Тўртинчи ва бешинчи ўринларни Нигерия ва Мали эгаллаган.
Глобал терроризм индекси маълумотларига кўра, 2025 йилда энг кўп қурбонлар Африкада содир бўлган. Дастлабки учта ўринни Буркина-Фасо эгаллаган, унда террорчилик ҳужумлари оқибатида 300дан ортиқ киши ҳалок бўлган.
Тўртинчи ўринда Нигер, бешинчи ўринда Конго Демократик Республикаси қайд этилган. 2025 йилда дунё бўйича 2,9 мингдан ортиқ террорчилик акти содир бўлган ва 5,5 минг киши қурбон бўлган.
Террорчилик таҳдиди сақланиб қолса-да, умумий вазият яхшиланган: ҳалок бўлганлар сони 28 фоизга, ҳужумлар сони эса 22 фоизга камайган. Ижобий ўзгариш 81 давлатда кузатилса, 19 давлатда вазият ёмонлашган.
Саҳрои Кабирдан жануби Африка ҳудуди террорчилик фаоллигининг асосий маркази бўлиб қолмоқда, аммо барқарорлик белгиларини кўриш мумкин. Минтақанинг ўн давлатида қурбонлар сони камайган, тўртта давлатда эса ўсган.
Энг кўп ўлимга сабабчи террорчилик ташкилоти ИШИД бўлиб, у 2025 йилда 15 давлатда фаолият юритган. Бу кўрсаткич 22 давлатда фаол бўлган ўтган йилга нисбатан сезиларли даражада камайган.