Арбелоа Мбаппенинг соғлиғини хавф остига қўймаяпмиз дейди
Мадриднинг "Реал" жамоаси бош мураббийи Альваро Арбелоа ҳужумчи Килиан Мбаппенинг жисмоний ҳолати бўйича фикр билдирди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Француз футболчи Ла Лигада шанба куни "Осасуна"га қарши ўйинда тўлиқ 90 дақиқа ҳаракат қилди, бироқ "қироллик клуби" мағлубиятдан қутула олмади (1:2).
"Килиан ўтган ҳафта ("Реал Сосьедад" билан ўйинда) дам олди. Биз у тайёр эмас, деб ҳисоблаган пайтимизда унинг соғлиғини хавф остига қўймаймиз. Бундай қарорлар барча томонлар иштирокида қабул қилинади", — дея Арбелоа сўзларини келтиради Madrid Xtra.
Чоршанба куни "Реал" Чемпионлар лигаси плей-офф босқичининг жавоб учрашувида ўз майдонида "Бенфика"ни қабул қилади. Биринчи ўйинда мадридликлар минимал ҳисобда ғалаба қозонган.