«Ал-Наср» мураббийи Роналдунинг дам олишини тасдиқлади
«Ал-Наср» бош мураббийи Жорже Жезуш Криштиану Роналдунинг нега навбатдаги учрашувда майдонга тушмаслигини изоҳлади. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Ар-Риёд клуби чоршанба куни ОФК Чемпионлар лигаси доирасида «Аркадаг»га қарши ўйнайди. Португалиялик юлдуз ҳужумчи яқин орада майдонга қайтиши кутилаётганди, бироқ бу сафар ҳам у қайдномада бўлмайди.
«Зич тақвим сабаб Роналдуга ҳам, асосий таркибдаги бошқа футболчиларга ҳам дам беришга қарор қилдик. Олдинда «Ал-Фатеҳ»га қарши жуда муҳим учрашув турибди», — деди Жезуш. Унинг сўзларини Al Nassr Zone келтирди.
Мутахассис таъкидлашича, Роналдунинг дам олиши янгилик эмас: у Саудия Арабистонидан ташқарида ўтказиладиган ўйинларда аввал ҳам бир неча бор иштирок этмаган.
Саудия чемпионати доирасидаги «Ал-Фатеҳ» — «Ал-Наср» баҳси шанба куни, 14-февралда бўлиб ўтади.