Хулиан Алварес Ла Лигада 100 кундир гол ура олмаяпти
Мадриднинг "Атлетико" клуби ҳужумчиси Хулиан Алварес "Бетис"га қарши учрашувда (0:1) ҳам гол қурғоқчилигига якун ясай олмади. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Аргентиналик футболчи Испания чемпионати доирасидаги якшанба кунги баҳсни асосий таркибда бошлади, бироқ танаффусда Александр Сорлотга алмаштирилди. Шунга қарамай, норвегиялик ҳужумчи ҳам жамоани мағлубиятдан қутқара олмади. Алварес барча мусобақаларда кетма-кет 11 ўйиндан бери гол ура олмаяпти, эътиборлиси, унинг сўнгги учта голи Чемпионлар лигасида қайд этилган. Ла Лигада эса 26 ёшли ҳужумчи 100 кундан буён гол урмаяпти — у охирги бор ўтган йилнинг 1 ноябрида "Севилья" дарвозасини ишғол қилганди.
Натижадорликдаги муаммоларга қарамай, миш-мишларга кўра, Хулиан Алварес ҳали ҳам "Барселона" ҳамда Англиянинг бир қатор топ-клублари диққат марказида қолмоқда.