Аргентина гиганти «Килмес» стадионни янгилашга мухлисларни чорламоқда
Аргентинанинг энг қадимий клубларидан бири саналадиган «Килмес» 1887 йилда ташкил этилган ва кўплаб содиқ мухлисларга эга. Бироқ жамоа ҳозир оғир даврни бошдан кечирмоқда ва тарафдорлар кўмагига муҳтож. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Клуб раҳбарияти стадионни қайта қуриш бўйича режасини эълон қилар экан, одатдаги хайрия йиғими йўлидан бормади. Бу сафар мухлисларга пул ўтказиш эмас, балки стадионга келиб, қайта таъмирлаш ишлари доирасида жисмоний меҳнат қилиб, турли вазифаларни бажариш таклиф қилинди.
Жанубий яримшарда жазирама ёз ҳукмрон бўлишига қарамай, «Килмес» ишқибозлари чақириққa ижобий жавоб берди ва стадионда ишлашга кўнгилли тарзда киришди.