Аргентинанинг қадимий клуби «Килмес» стадионни янгилашга фанатларни чорлади
Аргентинадаги энг қадимий клублардан бири ҳисобланган «Килмес» 1887 йилда ташкил этилган. Тарихи бой жамоанинг мухлислари кўп бўлса-да, ҳозир клуб оғир даврни бошдан кечирмоқда. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Шу сабаб раҳбарият стадионни қайта қуриш ишларини бошлаб, ёрдам сўраб фанатларга мурожаат қилди. Қизиқ томони, гап одатдагидек хайрия маблағи йиғиш ҳақида эмас — мухлисларга стадионга келиб, топшириқларни бажариш орқали бевосита жисмоний меҳнат билан ҳисса қўшиш таклиф қилинди.
Жанубий яримшарда жазирама ёз ҳукм сураётганига қарамай, кўплаб мухлислар чақириққа ижобий жавоб бериб, ишга келишга тайёр эканини билдирди.