Точилин Арсен Захарянга Европада қолишни маслаҳат берди
Аввал «Динамо» сафида тўп сурган Александр Точилин Арсен Захаряннинг «Реал Сосьедад»даги ҳозирги вазияти борасида фикр билдирди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Испан ОАВда тарқалган хабарларга кўра, басклар клубининг янги бош мураббийи ярим ҳимоячини жамоа режаларига киритмаяпти ва бу ҳақда футболчининг ўзига ҳам айтиб қўйган. Шунингдек, Ла Лигадаги бир нечта клуб Захарянни ижарага олиш вариантини кўриб чиқаётгани қайд этилди.
Точилин «RB Sport»га берган изоҳида Захарян учун Европада қолиш муҳимлигини таъкидлади. Унинг фикрича, ёш россиялик футболчи айнан Европа футболида ўсиб, ривожланиши керак, барқарор ўйин учун эса жароҳатлар унга халақит бермаслиги лозим.
22 ёшли Захарян 2023 йилда «Реал Сосьедад»га келиб қўшилган. У клуб сафида 60 учрашувда майдонга тушиб, 3 гол урди ва 3 ассист амалга оширди.