Испанияда поезд фожиасидан кейин уч кунлик мотам эълон қилинди
Испания ҳукумати Андалусия автоном ҳамжамиятида юз берган оғир темир йўл ҳалокатидан сўнг мамлакат бўйлаб уч кунлик мотам эълон қилишини билдирди. Бу ҳақда журналистларга қироллик ҳукумати раиси, Бош вазир Педро Санчес маълум қилди.
“Биз бугун ярим тунда (20 январь) бошланиб, пайшанба куни ярим тунгача (23 январь) давом этадиган уч кунлик расмий мотам эълон қиламиз”, — деди Бош вазир. Шунингдек, у мазкур воқеа сабабларини ўрганишда мутлақ очиқлик ва тўлиқ шаффофлик таъминланишига ваъда берди.
Маълумотларга кўра, 18 январь куни Испанияда иккита тезюрар поезд рельсдан чиқиб кетган. Оқибатда 40 киши ҳалок бўлган, жабрланганлар сони эса 150 нафардан ошган.
Эслатиб ўтилишича, ҳалокат Кордоба вилоятидаги Адамус шаҳри яқинида, Мадриддан тахминан 360 километр жанубда рўй берган. Мадриддан Уэльвага йўл олган 27 ёшли поезд машинисти ҳам вафот этгани қайд этилди.
Икки поездда жами 317 йўловчи бўлган. Уларнинг аксарияти дам олиш кунларидан кейин Мадридга ёки Мадриддан қайтиб кетаётган испанлар экани айтилмоқда. Январь ойи сайёҳлик мавсуми ҳисобланмагани сабабли, поезддагилар орасида неча нафар сайёҳ бўлгани ҳозирча аниқ эмас.