Майкл Кэррик «МЮ»да вақтинчалик бош мураббийликка яқинлашди...
«Манчестер Юнайтед»да мураббийлик масаласи яна кун тартибининг энг қизиқ мавзусига айланди. Клуб раҳбарияти вақтинчалик бош мураббий лавозими учун асосий номзод сифатида Майкл Кэррик вариантига жиддий ёндашмоқда.
Журналист Бен Жейкобснинг маълум қилишича, ўтган ҳафта бўлиб ўтган музокаралардан сўнг «қизил иблислар» раҳбарияти айнан Кэррик номзодига кўпроқ ишонч билдирмоқда. Манкунианликлар ичида унинг клуб муҳитини яхши билиши ва жамоа билан аввалдан танишлиги муҳим омил сифатида баҳоланмоқда.
Аввалига эса вазият бошқачароқ кўринган эди. «МЮ»нинг вақтинчалик бош мураббийи лавозими учун асосий фаворит сифатида Оле-Гуннар Сулшер номи тилга олинган, мухлислар ҳам бу вариантни катта қизиқиш билан муҳокама қилганди. Бироқ сўнгги кунларда вазият кескин ўзгарди ва Кэррик олдинга чиқди.
Маълум қилинишича, якуний қарор бугун, 12 январ куни қабул қилиниши кутилмоқда. Клуб раҳбарияти узоққа чўзмасдан, жамоага аниқ йўналиш беришни режалаштирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Рубен Аморим ишдан бўшатилганидан кейин бош мураббийлик вазифасини вақтинча Даррен Флетчер бажариб келмоқда. Унинг қўл остида «Манчестер Юнайтед» АПЛ доирасида «Бёрнли» билан драматик дуранг ўйнади (2:2). Бироқ Англия Кубогида жамоа «Брайтон»га 1:2 ҳисобида мағлуб бўлиб, мусобақа билан хайрлашди.
Шу боис, клубга барқарорлик ва ишонч қайтариш масаласи кун тартибида турибди. Энди барча нигоҳлар раҳбарият қарорига қаратилган: «Олд Траффорд»да навбатдаги қутқарувчи Кэррик бўладими ёки сўнгги лаҳзада сюрприз бўладими — тез орада маълум бўлади. Футболда эса, одатдагидек, интрига охиригача сақланади.