Баллак Карлни «Реал» ҳақидаги сўзлари учун ҳимоя қилди
Германия терма жамоасининг собиқ ярим ҳимоячиси Михаэл Баллак Мюнхеннинг «Бавария» клубида тўп тепаётган 17 ёшли ҳужумчи Леннарт Карлнинг Мадрид «Реал»ида ўйнаш истаги ҳақидаги гапларига муносабат билдирди. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
Ёш футболчининг бу баёноти ижтимоий тармоқларда кескин танқид ва хейтга сабаб бўлди. Шундан сўнг Карл узр сўрашга мажбур бўлди, шунингдек, саҳифаларидаги изоҳларни ёпиб қўйди.
«Агар сиздан орзуларингиз ҳақида сўрашса, уларни айтиш мутлақо табиий. Менимча, бу гапнинг контекстдаги маъноси зарарсиз», — дея Баллакнинг сўзларини DAZN келтирди.
Бундан аввал «Бавария» бош мураббийи Венсан Компани ҳам ёш футболчи узр сўраганини маълум қилганди.
2025/2026 йилги мавсумда Карл катталар даражасида 20 та учрашув ўтказиб, 6 та гол урди ва 2 та голли узатма амалга оширди.