Суперкубок эль классикосида Мбаппе стартда тушиши мумкин
Испания Суперкубоги финалида «Барселона» ва Мадриднинг «Реал» жамоаси соврин учун тўқнаш келади. Финал олдидан эҳтимолий асосий таркиблар ҳам муҳокама марказида. Бу ҳақда euro-football.ru хабар беради.
«Барселона»нинг тахминий таркиби: Жоан Гарсия (дарвозабон), Балде, Кубарси, Эрик Гарсия, Кунде, де Йонг, Педри, Рафинья Диас, Олмо, Ямал, Ферран Торрес.
«Реал»нинг тахминий таркиби: Куртуа (дарвозабон), Каррерас, Хёйсен, Асенсио, Вальверде, Камавинга, Тчуамени, Винисиус Жуниор, Беллингем, Родриго, Мбаппе.
Каталонияликларда дарвозабон Марк-Андре тер Штеген, шунингдек Андреас Кристенсен ва Гави жароҳат сабаб сафдан чиққан. «Реал»да эса Эдер Милитао ҳамда Ферлан Менди тикланиш жараёнида, Браҳим Диас эса Марокаш терма жамоаси билан Африка кубогида.
Килиан Мбаппе жароҳатдан кейин тикланиб, Саудия Арабистонига етиб келган. Шунга қарамай, унинг финалдаги иштироки ҳануз савол остида, бироқ эҳтимол у ўйинни асосий таркибда бошлаши мумкин.
«Барселона»да Роналд Араухони илк дақиқалардан майдонда кўриш қийин. Ҳимоячи сўнгги пайтларда психологик муаммоларни енгиб ўтишга уринaётгани айтилмоқда.
Ярим финалда «Барселона» «Атлетик» Бильбаони 5:0 ҳисобида тор-мор этди. «Реал» эса Мадрид дербисида «Атлетико» устидан анча машаққатли ғалабани қўлга киритди — 2:1.
Учрашув 11-январ куни Жиддадаги «Кинг Абдулла Спорт Сити» стадионида бўлиб ўтади ва 00:00 да (Тошкент вақти билан) бошланади.