АҚШнинг Каракасга зарбаларидан сўнг Венесуэла фавқулодда ҳолат эълон қилди
3-январга ўтар кечаси Венесуэла пойтахти Каракасда кетма-кет портлашлар юз берди. Бир қатор ОАВ шаҳар устидан авиация парвоз қилгани, айрим ҳудудларда эса электр энергияси узилгани ҳақида хабар тарқатди. Расмийлар содир бўлган воқеаларни АҚШнинг ҳарбий тажовузи сифатида баҳолади. Бу ҳақда podrobno.uz хабар беради.
Associated Press ва Reuters гувоҳларга таяниб, портлашлар фонида шаҳар кўчаларида одамлар тўплангани, ижтимоий тармоқларда эса портлашлар, вертолётлар парвози акс этган видеолар тарқалаётганини ёзди. Reuters маълумотига кўра, йирик ҳарбий база жойлашган Каракаснинг жанубий қисми электрсиз қолган.
Гувоҳлар Fuerte-Tiuna ҳарбий базаси атрофида портлаш товушлари узоқ давом этгани ва жуда кучли бўлганини билдирмоқда. The New York Times ушбу ҳудудда мамлакатнинг юқори ҳарбий раҳбарияти ҳамда ҳукумат аъзолари жойлашгани ҳақидаги ОАВ маълумотларини келтирди.
Венесуэла ахборот вазирлиги тарқатган баёнотда зарбалар Каракасдаги “фуқаролик ва ҳарбий ҳудудлар”, шунингдек Миранда, Арагуа ва Ла-Гуайра штатларига қаратилгани айтилади. Расмийлар ҳужум ортида Венесуэланинг стратегик ресурслари, айниқса нефть ва минералларни эгаллаш, шунингдек мамлакат сиёсий мустақиллигини издан чиқариш мақсади турганини таъкидлади.
Ҳукумат мамлакатдаги “барча ижтимоий ва сиёсий кучлар”ни АҚШнинг “империалистик ҳужуми”га қарши бирлашишга чақирди.
CBS News АҚШ расмий доираларидаги манбаларага таяниб, Венесуэла ҳудудига зарба бериш буйруғини гўёки президент Дональд Трамп берганини маълум қилди. Оқ уй эса расмий изоҳ беришдан бош тортди.
The New York Times ёзишича, Пентагон вакили портлашлар бўлганини тасдиқлаган, бироқ уларнинг сабабларига изоҳ бермаган. CBS News маълумотига кўра, операция бўйича қарор бир неча кун олдин қабул қилинган, Рождество даврида ҳужум варианти ҳам кўриб чиқилган, аммо бошқа ҳарбий операциялар ва об-ҳаво шароити сабаб зарба кейинга қолдирилган.
Воқеадан бир неча соат аввал Венесуэла президенти Николас Мадуро телеинтервьюда АҚШ билан ҳамкорликка тайёрлигини билдирган эди. У АҚШ халқини Венесуэланинг “дўсти” деб атаб, гиёҳвандлик савдосига қарши кураш ва нефть соҳасида ҳамкорлик қилиш мумкинлигини айтган.
АҚШ зарбаларидан сўнг Николас Мадуронинг қаердалиги номаълум. Маҳаллий ОАВ хабарларига кўра, унинг атрофидагиларнинг бир қисми хавфсиз жойда. Шунингдек, Венесуэла мудофаа вазири Владимир Падрино Лопес ҳужум пайтида Тиуна авиабазасида бўлгани айтилади, ҳозирча унинг аҳволи бўйича расмий маълумот йўқ.