2026 йилда МДҲ фаолиятини мувофиқлаштириш ва устувор йўналишларни белгилаш Туркманистон зиммасида бўлади
2026 йил 1 январдан Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигида (МДҲ) раислик Тожикистондан Туркманистонга ўтди. Йил давомида Ашхобод ҳамдўстлик доирасидаги ишларни мувофиқлаштириб, иштирокчи давлатлар ҳамкорлигининг асосий устувор йўналишларини белгилайди. Бу ҳақда podrobno.uz хабар беради.
Аввалроқ Туркманистон президенти Сердар Бердимухамедов раислик даврида МДҲ салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришга ҳисса қўшиш ва кўп томонлама ҳамкорликка қўшимча суръат бериш нияти борлигини билдирган.
Кутилишича, 2026 йилда Туркманистон сиёсий мулоқотни ривожлантириш, иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек минтақавий барқарорлик ва хавфсизлик масалаларига алоҳида эътибор қаратади.
Устувор вазифалар қаторида МДҲ доирасида келишилган ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, жумладан терроризмга қарши дастурлар, чегара хавфсизлигини кучайтириш ҳамда энергия таъминоти барқарорлигини ошириш борасидаги ҳамкорлик ҳам бор.
Йилнинг муҳим тадбирларидан бири сифатида МДҲ давлат раҳбарлари саммитини ўтказиш режалаштирилган. У Миллий туризм зонаси — Авазода ташкил этилиши кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, Туркманистон “МДҲ Плюс” платформаси доирасида ҳамдўстликдан ташқаридаги ҳамкорлар билан алоқаларни кенгайтириш йўналишидаги ишларни давом эттиради.
Раислик Ашхободга минтақавий майдондаги дипломатик позицияларини кучайтириш учун қўшимча имкониятлар яратади. Нейtral давлат мақоми Туркманистонга постсовет ҳудудида воситачи ва барқарорлаштирувчи омил сифатидаги ролини янада таъкидлашга хизмат қилиши мумкин.
Умуман олганда, Туркманистоннинг 2026 йилдаги МДҲга раислиги бир томондан ҳамдўстликни ривожлантириш масъулиятини, иккинчи томондан эса минтақавий кун тартибини шакллантиришдаги таъсирини ошириш имконини англатади.