Қайси давлатлар биринчи бўлиб Янги йилни кутиб олди?
Дунё бўйлаб Янги йилни энг биринчи бўлиб Кирибати аҳолиси кутиб олади. Ушбу давлат Лайн ороллари орқали сайёрадаги энг олдинги вақт минтақаси — UTC+14 да жойлашган. Шу сабабли Янги йил Тошкент вақти билан тахминан соат 15:00 да айнан шу ҳудудга кириб келади.
Кирибатида байрам кечаси одатда океан соҳилларида ўтказилади. Маҳаллий аҳоли пляжларда тўпланиб, мушакбозликлар ва байрамона тадбирлар орқали янги йилни қарши олади. Сайёҳлар ҳам “йилнинг энг биринчи Янги йили”ни кўриш учун бу ерга махсус ташриф буюради.
Кирибатидан кейин Янги йил Самоа ва Тонгада бошланади. Бу давлатлар UTC+13 вақт минтақасида жойлашган бўлиб, бу ерда байрам анъанавий қўшиқлар, рақслар ва оммавий сайллар билан нишонланади. Самоа 2011 йилда вақт минтақасини ўзгартирганидан сўнг Янги йилни илк қарши олувчилар сафига қўшилган.
Шундан сўнг Янги Зеландияда Янги йил кириб келади. Окленд ва Веллингтон шаҳарларида минглаб одамларни жамлайдиган йирик мушакбозликлар уюштирилади. Чатем ороллари эса ўзининг UTC+13:45 вақти билан байрамни янада эртароқ қарши олиш имкониятига эга.
Океанияда жойлашган Фижи, Тувалу, Науру, Уоллис ва Футуна каби давлатлар ҳам Янги йилни дунёда илк кутиб олувчи мамлакатлар қаторига киради. Бу ҳудудларда байрам асосан денгиз соҳилларида, миллий рақслар ва анъанавий таомлар билан нишонланади.