«Манчестер Сити»нинг йил футболчиси — Гвардиол тан олинди
23 ёшли марказий ҳимоячи жорий мавсум жамоаси сафида 53 та учрашувда майдонга тушиб, 6 та муҳим гол муаллифига айланди. Шу билан бирга, 2 та аниқ голли пасни амалга оширгани билан ҳам мураббийлар ва ишқибозлар эътиборини қозонди. Халқаро Transfermarkt портали Гвардиолнинг трансфер баҳосини 75 миллион евро этиб белгилаган — бу унинг юқори даражадаги салоҳиятини яна бир бор тасдиқлайди.
Йошко фақатгина ҳимояда эмас, балки ҳужумларда ҳам фаол иштирок этгани, айниқса, муҳим ўйинлардаги таъсирчан ҳаракатлари билан мухлислар қалбидан жой олди.
Айтиш жоиз, жамоа сафида ўзбекистонлик ёш истеъдод Абдуқодир Ҳусанов ҳам тобора кўпроқ имкониятлар олмоқда. Қишки трансферлар давомида «шаҳарликлар» сафини тўлдирган Ҳусанов мавсумнинг иккинчи ярмида бир неча ўйинларда майдонга тушиб, ўзини яхши томонлама кўрсата олди. Шунингдек, у февраль ойининг энг яхши футболчиси сифатида ҳам эътироф этилган эди.