Туркманистонда аҳолини пахта теримига мажбурлаш кучайди
Мари вилоятида йўл ҳаракати қоидаларини бузганлар, спиртли ичимликларни ичганлар, тиланчилар ва уйсизлар пахта теримига мажбурланмоқда.
Балқон вилоятида эса пахта терими мавсумида оилавий байрамларни, жумладан, уйланиш тўйлари ва бошқа маросимларни ўтказиш тақиқланди. Ҳукумат аҳолини тўй ва маросимларни ўтказиб, “беҳуда вақт сарфламаслик”ка чақирди.
Қизилравот вилоятида эса умумий овқатланиш жойлари ёпилди, бозорлар кечқурун соат тўққиздан кейин очилмоқда.
Озодликнинг туркман хизмати мухбири милиция ходимлари жамоат жойларида тамаки чекканларни, дам олаётганларни ушлаб, пахта теримига мажбурлаётганини билдирди. Журналистга исми сир қолиши билан интервью берганлар, сўнгги 15 йилда пахта теримига бу қадар мажбурлаш бўлмаганини айтганлар.
Туркманистон пахта теримида мажбурий меҳнатдан фойдалангани ортидан халқаро ташкилотлар томонидан танқид қилиб келинади. Бу йил Туркманистон 580 минг гектар ерга экилган пахтадан 1 миллион 250 минг тонна ҳосил олишни режалаштирган.