«ЎзЛиДеП» Мирзиёевни президентликка номзод сифатида кўрсатади
Айни вақтга келиб тўрт партиянинг президентликка номзодлари маълум бўлиб улгурди.
«ЎзЛиДеП» сиёсий кенгаши Шавкат Мирзиёев номзодини президентликка кўрсатишни қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда партия Сиёсий кенгашининг навбатдаги мажлисида қарор қабул қилинган.
«Мажлисда муддатидан илгари ўтадиган президентлик сайловида «ЎзЛиДеП»нинг иштироки ва партиянинг навбатдаги Съездида партиядан кўрсатиладиган номзод масаласи муҳокама қилинди.
O‘zLiDeP Сиёсий кенгаши аъзолари Шавкат Миромонович Мирзиёев номзодини Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатиш масаласини навбатдаги партия Съезди муҳокамасига киритилишини бир овоздан қўллаб-қувватладилар», дейилади ЎзА хабарда.
Шу тариқа, айни вақтга келиб «Миллий тикланиш»дан бошқа тўрт партия президентликка номзодларини аниқлаб бўлди.
Экологик партия ва Ўзбекистон Халқ демократик партиялари ўз раҳбарлари Абдушукур Ҳамзаев ва Улуғбек Иноятовни президентликка номзод сифатида кўрсатади. «Адолат» социал-демократик партияси номзод кўрсатиш бўйича бўлажак қурултойда кўриб чиқиш учун Робахон Анваровна Маҳмудова номзодини маъқуллади.