Ибраҳимович “Милан” билан шартномасини бир йилга узайтирмоқчи
“Милан” ҳужумчиси Златан Ибраҳимович фаолиятини якунламоқчи эмас. Швециялик ҳужумчи “россонерилар” билан шартномасини яна бир йилга узайтирмоқчи. Бу ҳақда “Sky Sports Italia” нашри хабар берди.
Манбага кўра, Ибраҳимович футболни юқори савияда давом эттиришга қарор қилган ва тез орада Милан клуби бошлиқлари билан шартномани узайтириш бўйича музокаралар олиб боришга ҳаракат қилади.
Маълум қилинишича, швециялик ҳужумчи “Милан” билан янги шартнома туза олмаса, янги клуб излашга мажбур бўлади. Ҳужумчининг “россонерилар” билан амалдаги шартномаси шу йилнинг июнь ойи охирида якунига етади. Трансфермаркт интернет порталига кўра, футболчининг тахминий баҳоси 2 миллион еврони ташкил қилади.
Жорий мавсумда Ибраҳимович “Милан” билан Италия чемпионатида тўртта ўйин ўтказди. Ҳужумчи ягона голни “Удинезе”га қарши ўйинда (1:3) пенальтидан киритди.