Оқдарёда 18 йўловчини олиб кетаётган автобус ағдарилди
Расман маълум қилинишича, 27 декабрь куни соат 17:00 ларда М 37 автомобиль йўлининг Оқдарё туманидан ўтувчи 14-километрида Isuzu юк автомобили эҳтиётсизлиги оқибатида ўзидан олдинда кетаётган автобуснинг орқа томонига урилган. Зарб оқибатида автобус пастликка ағдарилиб кетган.
Воқеа гувоҳларининг билдиришларича, автобусни янада пастликка ағдарилиб кетишдан тут дарахти сақлаб қолган. Йўловчилар автобуснинг ойналарини синдириб ташқарига чиқишга уринган. Йўловчи машиналар ҳайдовчилари уларга ёрдамга келган.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси мазкур ҳодисада фақат бир йўловчи жароҳат олганини ва тез тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида шифохонага олиб кетилганини маълум қилди. Қолган 17 йўловчи жиддий тан жароҳати олмагани ва уйларига кузатиб қўйилгани айтилди.