МИБ ОАВ билан ҳамкорлик тарафдори
Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ўзгаришлар, рўй бераётган воқеа-ҳодисаларни тезкор ва ҳаққоний етказишда оммавий ахборот воситалари муҳим аҳамиятга эга.
Бюро органлари ҳам ана шу ҳамкорлик тарафдори бўлиб, фаолиятига ошкоралик бериш, истеъмолчиларнинг ҳуқуқий маданияти ошириш бўйича жамоатчилик ва аҳоли ўртасида бугунга қадар 118146 та ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказган бўлиб, шундан 15619 таси оммавий ахборот воситаларида амалга оширилди, — дейди Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюронинг Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Фаррух Ташпўлатов.
— Бу борада, Миллий телерадиокомпания ва нодавлат телеканаллари билан мунтазам равишда ҳамкорлик қилиб борилмоқда, шу жумладан, «Истеъмол маданияти ёш танламайди», «Қарзларни ўз вақтида тўлаш хотиржамлик гаровидир!», «Турист» номли ва бошқа видеороликлар телевидение каналларида намойиш этиб борилмоқда.
Мажбурий ижро бюроси томонидан жорий йилда 1924 та (9019 та) тўлов интизомига риоя этмасдан келаётган (интизомсиз) маҳаллалар рўйхати шакллантирилди. Ушбу маҳаллаларда сектор вакиллари ва маҳалла фаоллари билан мунтазам равишда тарғибот тадбирлари олиб борилмоқда.
Бунинг натижасида, тўлов интизомига риоя этмасдан келаётган маҳаллалар сони ўтган йилга нисбатан 1799 тага қисқарди (3723 — 2018 й)
Республикамизнинг 120 дан ортиқ туман-шаҳарларига тўлов интизомига ундовчи, суд қарорларининг ижроси, алимент тўловларини ундириш, медиация ва бошқа мавзуларда билбордлар жойлаштирилди.
Яхши биламизки, Мажбурий ижро бюроси ташкил топиши билан жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари, айниқса, ижтимоий тармоқларнинг эътиборида бўлди.
Ҳозирда ҳам фаолиятимиз ҳақида расмий сайтлар ва ижтимоий тармоқларда маълумот ва хабарлар ёритиб борилмоқда.
Ҳар бир хабарга ҳуқуқий баҳо берамиз, агар истеъмолчи ноҳақ бўлса, бу ҳақда тушунтириш бериб, хабарга объектив ёндашилмаган бўлса, оммавий ахборот воситалари ва журналистларга расмий муносабатимиз билдирамиз.
Аксинча, ходимнинг хатоси ёки айби бўлса, унга ҳам муросасиз муносабат билдирамиз ва қаътий чора кўрамиз.
Шуни ишонч ва мамнуният билан айтишимиз мумкинки, Мажбурий ижро бюроси фаолиятига оид аҳолини ҳамда журналистларни қизиқтирган ҳар қандай маълумотларни оммавий ахборот воситалари орқали ёритиш ва бу борада ҳамкорлик қилиш тарафдори.
Фаррух ТАШПЎЛАТОВ,
Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг Жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи