Интернетда расми тарқаган аёлнинг турмуш ўртоғи Тошкент шаҳар ИИББ билан боғланди
Юнусобод тумани миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимида полни ювишга «мажбурлаш» билан боғлиқ ҳолат Тошкент шаҳар ИИББ учун кутилмаган ҳолда ўз ечимини топди. Турмуш ўртоқлар Боходир ва Камола К. Uznews.uz янгиликлар сайти орқали ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларининг маломатларидан оилаларини ҳимоя қилишни ҳамда аёлнинг расмини Интернетга жойлаган шахсларга таъсир кўрсатишни сўрашди.
Аёлнинг турмуш ўртоғи юқоридаги сайт журналистлари билан боғланганидан сўнг, бизнинг идора интернет-манбаидан аёлнинг расми шу заҳотиёқ ўчирилди.
Кеча Баҳодир ва Камола Тошкент шаҳар ИИББ матбуот-хизмати вакиллари ва Юнусобод тумани МваФР бўлими ходимлари билан учрашишди.
– Интернетда турмуш ўртоғимнинг расми чиққани ва уни фаол муҳокама қилишаётгани ҳақида хабарим йўқ эди, – дейди Баҳодир. – Улар ўша куни МваФРБга 16 ёшга тўлган қизимизга паспорт расмийлаштириш учун борганликларини билардим. У ерда бўлиб ўтган вазият ҳақида турмуш ўртоғим менга ҳеч нима демаган эди. Чунки у фарзандини ортидан тозалаш ҳақидаги илтимосни ҳеч қандай ҳақорат ёки қўпол муомала деб қабул қилмаган. Булар ҳақида дўстим Uznewsнинг Инстаграмдаги саҳифасидан скриншот жўнатганидан кейин билдим. Расм остидаги матнни ўқидим. Табиийки, нима бўлганини тушунтиришни талаб қилдим. Аёлим мендан кўра кўпроқ ажабланди. У кичик қизимиз ўша куни шарбатини тўкиб юборганини ва хизмат кийимида бўлмаган киши танбеҳ берганини айтди.
– Мен ўзим атрофдагилардан ҳожатхона қаердалиги ҳақида сўраб, у ердан швабрани олиб, полни артиб қўйдим. Мени шу онда суратга олганликларини пайқамагандим. Нима учун менинг расмимни қаергадир жўнатиш ва ёлғон гапларни ёзиш кераклигини ҳеч тушуна олмаяпман. Нима учун расмимни интернетда чиқариш учун мендан розилигимни сўрашмади? Нимага менинг фикрим билан қизиқиб кўришмади? – дея аччиқланди Камола.
Биз ҳаммани қийнаган асосий саволни бердик: МваФР бўлими бошлиғи қўполлик қилганмиди? Камола эса буни инкор этди. “Балки, овози баландроқ бўлгандир?” – деб қайта сўрадик.
– Баландроқ гапирганди, аммо қўпол тарзда эмас. Унинг танбеҳи мени хафа қилгани ҳам, ҳақорат қилгани ҳам йўқ, – аёлнинг жавоби шу бўлди.