АРОСАТЛАР ОРОЛИ… (36-қисм. Иккинчи фасл)
* * *
Бу мен учун ҳаётимдаги энг катта байрам эди. Байрамда эса хурсандчилик, кўнгилхушлик қиладилар. Байрамларга кулгу, мамнунлик ярашади. Хўш, унда нега ҳануз қайғудаман? Нимани кутаяпман? Менга яна нима керак?..
Юрагим қувончдан ёрилай дерди. Лекин барибир кўзларимга ишонқирамай, пиёниста кетган тарафга кўз ташладим. У оқсоқланганча қочиб борарди. Шу қадар юрак олдириб қўйган эканми, ҳар қадам ташлаганда елкалари кўтарилиб-кўтарилиб тушарди…
Кўз ўнгимда юз берган ҳодисалар рўё эмаслигига энди тўлиқ ишондим ва кўм-кўк осмонга боқдим. Осмон кўзларимга илгаригидан-да гўзалроқ, жозибалироқ ва кенгроқ туюлди. Ён-веримдан ўтаётган ўткинчилар, пивохона ҳовлисини тўлдириб ўтирган эркаклар, кети узилмаётган машиналар, кўча супуриш билан банд кимсаларга меҳрим жўшди. Қўйиб беришса, уларнинг ҳар бирини қучиб, табрик этар даражада хурсанд бўлдим…
Йўқ, нега бу ерда турибман? Шаҳноза-чи?.. Унинг ҳоли не кечди?.. Шаҳнозадан хабар олишим зарур эмасмиди?..
Миямга келган бу хаёллар мени сергак торттирди. Нимадир буюртма беришимдан умидвор қараб қўяётган официантга ҳазил аралаш кўз қисдим-у, Шаҳноза яшайдиган уй томон чопқилладим…
Ҳа, бу кунни иккаламиз албатта нишонлашимиз лозим. Бугун иккимизнинг байрамимиз. Эркинлик, тасодифий омад учун бир-биримизни табрик этамиз. Шундан кейингина армонларимиз унут бўлади, орзуларимиз ушалади, умидларимиз ҳақиқатга айланади…
Шаҳноза яшайдиган квартирадаги балкон деразаси очиқ эди. Демак, у уйда. Қизиқ, нима қилаётган экан? Анави тирик қолган нусха тағин бостириб кирмадимикан? Шаҳнозага азоб бермадимикан? Йўқ, у қайтиб бу квартирага яқин кела олмайди. Туриши айтди. Тамоман юрак олдириб бўлган. Энди Шаҳнозани кўрса, бир чақирим наридан айланиб ўтади…
Сабрим етмай, балкон остига бордим-да, баланд овозда қичқирдим.
— Шаҳноза!!! Қаердасиз, Шаҳноза?..
Орадан бир дақиқа вақт ўтди. Аввал ошхона эшиги очилди. Кетидан «У»нинг майин, ёқимли овози жаранглади.
— Қодир ака, сизмисиз? Ҳозир!!!
Мен уни кўрдим-у, энтика бошладим. Юрагим безовта дукиллаб, гапирмоққа шайланган лабларим титради. Беихтиёр кўнглим бузилиб, кўзларимда ёш халқаланди…
Бу ҳақиқий қувонч ёшлари эди.
* * *
Мен дераза қаршисида йиғламсираганча туриб қолган Шаҳнозага тикилган кўйи сукут сақлардим.
Жавдираб қарашлари, маҳзун чеҳраси бағримни эзарди. Шўрлик қиз. Ўзига қолса мамнунлигини югуриб чиқиб ошкора изҳор этган бўларди. Афсуски, ундай қила олмайди. Ногиронлиги панд бераверади. Шунинг учун ҳам маъюс, кўзларида ёш ғилтиллаяпти. Ҳойнаҳой, уч кеча-кундуз безовталикдан адойи тамом бўлгандир. Тунларни бедор кечиргандир…
Бир неча дақиқа термулиб туришдан сўнг бир-биримизни сўзсиз тушуниб етдик. Ва мен бош эгиб подъезд томон юрдим.
Ҳали яқин бормай, Шаҳноза ташқари эшикни очиб қўйиб, ўзи деворга суянган ҳолда мендан кўз узмай турарди.
— Салом! — дея Шаҳнозага сўрашиш учун қўл узатдим. — Мен… Келдим.
У хижолатли бош эгиб лаб тишлади. Афтидан бўлиб ўтган ишларда фақат ўзини айблади.
— Кирсам майлими? — сирли жилмайиб сўрадим. — Ёки…
— Вой, кечиринг!..
Шаҳноза дув қизариб шоша-пиша менга йўл бўшатди.
— Киринг!..
Хоналар дид билан йиғиштирилибди. Ичкаридан келаётган хушбўй атир ҳиди димоғимга урилиб, кўнглим чоғланди.
Шаҳнозанинг саришталигига яна бир карра тан бердим.
— Мен жудаям қўрқиб кетдим, — деди Шаҳноза рўпарамдаги курсига омонатгина чўкиб. — У ярамас сизга бир нима қилиб қўйганмикан деб хавотирландим.
— У-я?.. — елка қисиб кулимсирадим. — Қўйсангиз-чи!.. Кулгимни қистатиб юбордингиз.
— Ёмон уриб қўймадингизми ишқилиб? — сўради Шаҳноза титроқ аралаш. — Ҳар ҳолда…
— Урганим йўқ, шунчаки яхшилаб уқтирдим холос. Ишонинг, у энди уйингизга қайтиб қадам босмайди.
— Умрингиздан барака топинг! — лаблари пулкиллаб ер чизди Шаҳноза. — Жонимдан тўйдирворганди. Сизни менга худонинг ўзи етказди.
Мен зимдан Шаҳнозанинг катта-катта кўзларига, қайрилма қошларига, юпқагина, бежиримгина лабларига разм солдим…
Йўқ, айни паллада кўнглимда унга нисбатан на ёввойи ҳирс, на қайсар муҳаббат туюрдим. Гўёки барчаси унут бўлгандек эди. Аксинча, уни тўрт мучаси саломат аёлларга қиёслардим. Қиёслаганим сайин қалбимда туғён ураётган ачиниш ҳисси баттар қўзғолон қиларди.
«Ахир у ўзгалар каби жавлон уриб ҳаёт қозонида қайнай олмайди, — ўйлардим эзилиб. — Умрнинг югирик кўчаларида ўзи хоҳлаганча ела билмайди. Ҳар бир тўрт мучаси соғ одамга боққанда бағри тиғланади, куйиб кул бўлаверади. Қисматнинг аччиқ оши вужудини куйдириб ўтаверади. Нега шундай? Нима учун у ҳам мен ёки бошқалар каби бағри бут эмас? Худойим, унга ҳам зиғирча бағри бутлик ато этсанг-чи! Иноятингни дариғ тутмасанг-чи!..»
У ҳануз тек қотганча ўтирарди. Узун киприклари ҳар пирпираганда гавдаси билинар-билинмас чайқалиб қўяр, бу ҳолати ҳам ўзига жуда ярашиб тушарди…
Барибир туйғуларимни жиловлай олмадим. Бу ҳуснга тушган кўзларим қамашди. Хаёлларим чалкашди. Мени ўраб турган ёруғ олам унут бўлди. Шаҳнозага бўлган меҳрим янада жўшди. Шу паллага қадар опичлаб, беркитиб, босиб келган бардошим тугади. Энди ҳисларимни ошкор этиш лаҳзалари яқинлигига амин бўлдим.
— Сизни соғиндим, — оҳиста шивирлаб ўрнимдан турдим-да, Шаҳнозанинг елкасидан тутдим. — Йўқотиб қўяманми деб бўларим бўлди.
Шаҳнозанинг юзлари олов ранг олди. Елкалари сезилар-сезилмас титради. Хавотирданми, хижолатданми, ўтирган ерида бир-икки қимирлаб олди. Аммо қўзғалмади.
Мен эса уни ўзимга қаратишга уриндим. Рўйхушлик бермади. Эҳтиёткорлик билан қўлларимни елкасидан нари сурди ва ўрнидан туриб ўзини четга олди.
— Керакмас! — деди шивирлаб. — Мени қийнаманг! Яхшимас!..
Пайқадим. У менга ўзини муносиб кўрмаяпти. Кўра олмаяпти. Ўртамизда ҳеч қандай куч бузиб ўта олмас чегара пайдо қилмоқчи. Нега? Фақат ногиронлиги шунга ундаяптими? Нима бўлибди? Бу унинг айби эмас-ку! Нима учун ўзини тортади? Хавотирланади? Хижолат чекади? Ё мени ёқтирмай қолдими? Нима сабабдан? Ахир… уч кун аввал қучганимда қаршилик кўрсатмаганди-ку! Наҳотки, шу вақт орасида ниятлари бузилган, умидлари сўнган бўлса?
— Аёллар масаласида омадинг чопмаган, — дерди менга ички бир овоз. — Аввалига ёқтирган бўлишади-да, кейин ё ташлаб қочишади, ёки туҳмат, таъна тошлари ёмғири остида қолдиришади-ю, ўзлари жуфтакни ростлашади. Бу қиз ҳам ўшаларнинг бири бўлса керак-да! Сен уни ҳимоя қилдинг, ачиндинг, севишни истадинг, меҳрингни қўшқўллаб топширишга тутиндинг. У-чи? Бу тўрдан силлиққина чиқиб кетиш ҳаракатига тушди…
«Сен шайтони лаинсан! — хаёлан қичқирдим ўша овозга. — Ким кўрибди аёлдан омадим чопмаганини? Сенми? Кимсан ўзинг? Ҳар қадамда мени йўлдан урмоққа шайланасан! Таъқиб қиласан!.. Хўш, ташлаб кетган бўлса нима бўлибди? Осмон узилиб ерга тушмади-ку! Демак, қисматим шундай экан. Хўш, уни тўғрилашга ҳақим йўқми? Сусанна маҳрум этган меҳрни Шаҳнозадан изласам нима бўлибди?
— Мендан воз кечдингизми? — сўрадим Шаҳнозадан тарқоқ ўйларимни бир нуқтага жамлаб. — Айтинг, мен сизга ёқмадимми? Нега юз бураяпсиз?
Шаҳноза илкис бошини кўтариб кўзларимга тик боқди. Ва дарҳол қайтадан ер чизиб сўз қотди.
— Сиз мени тушунмайсиз, Қодир ака!
— Бу нима деганингиз? Тушунмасам… Ёнингизда ўтирармидим, Шаҳноз?..
Шаҳнозанинг кўзларида ёш ғилтиллади.
Аста борди-да, курсига ўтириб олди.
— Биз сизминан бошқа-бошқа одамлармиз, — деди Шаҳноза йиғи аралаш. — Буни ўзингиз ҳам жуда яхши биласиз.
— Нега бошқа-бошқа? Ҳечам ундаймас. Бўлмаган гапларни гапирманг!
— Бўлмаган гапмас. Менинг ўз дунём бор. Бу дунёга ўзимдан бўлак ҳеч ким сиғмайди. Менинг дунёмга ҳеч ким кўника олмайди.
— Мен кўниксам-чи? Ё арзимайманми?
— Мени қийнаманг! Шундоғам эзилиб адо бўлганман…
Мен эҳтиёткорлик билан Шаҳнозага яқинлашдим-да, бир муддат иккиланиб қолдим. Қалбим уни қучишга, таваккал эркалашга, керак бўлса пойида тиз чўкишга ундарди. Лекин номаълум куч бу ҳаракатларни содир этишга қўймасди.
Шунда ҳам қайсарлик билан у томон қўл чўздим. Афсуски, қўлларим ҳавода муаллақ қолди. Андишами, ғурурми, билмадим, ишқилиб нимадир йўл бермади.
— Биламан, — дея қўлларимни мушт қилганча сўз қотдим. — Сиз оёғингиз… Ҳалигидай экани учун мени рад этаяпсиз. Аммо мендан ҳеч нарса сўрамадингиз. Қалбимни англашга уриниб кўрмадингиз. Ахир, мен шу кунларда сиздан-да баттарроқ аҳволдаман. Ишонганим, суянганим менга терс ўгирилиб кетди. Умидларим пучга чиқди. Орзуларим саробга айланди. Боши берк кўчада қолиб кетавердим. Айни чоғда олдимда қандай йўл борлигини ҳам фаҳмлай олмаяпман. Гўёки карахтман…
Шаҳноза бу сўзларимдан сўнг пиқиллаб йиғлай бошлади.
Хўш, нега бақрайиб турибман? Уни овутишим лозим эмасми? Юрак дардларига малҳам бўлишим керак эмасми? Йўқ, йўқ, бу тахлит туриш аҳмоқлик, журъатсизлик, уқувсизлик…
Ўзимни қўлга олиб Шаҳнозанинг бошини қучдим. Бу гал у ҳеч нарса демади. Қўлларимни олиб ташламади. Аксинча кўксимга бош қўйган кўйи йиғлади. Уни овутардим-у, лабларидан таралаётган қайноқ ҳовур кўксимни куйдириб ўтаётгандек титрардим. Юрагим энтикиб-энтикиб кетарди.
* * *
Бир муддат шу кўйи туриб қолиш мени узоқ-узоқларга олиб кетгандек эди. Кўз ўнгимда Шарифа билан ўтган оғир кунлар гавдаланди. Унинг сочидан тараладиган қатиқ ҳиди тасаввуримда жонланди. Ўша ҳид ҳам олдинига мени ром этганди, ҳа! Ўшанда бу ис менга қадрдон эди. Афсус… У туйғулар алдамчи экан. Мен сочнинг ҳақиқий ифорини кейинчалик туйдим. Ҳа, Сусаннанинг сочларини ҳидлаганимда, оламни унутдим. Гўзал, жозибадор, сўлим бир боғда хаёлан сайр қилдим. Бу боғдаги барча гуллар Сусаннанинг сочларидан ҳид олгандек туюлди…
— Барибир биз бир-биримизга мос эмасмиз, — деди йиғлашдан тўхтаб Шаҳноза. — Буни тан олишга мажбурсиз.
— Йўқ, асло! — дея унинг қўлларини кафтларим орасига олдим-да, тиз чўкдим. — Мени сиз ҳам аросатда қолдирманг!
— Ахир, мени ҳали яхши танимайсиз, Қодир ака! Уч кунгина бўлди танишганимизга. Ҳалитдан бир қарорга келиб қўйган кўринасиз. Бундай бўлмайди ҳаётда.
— Нега бўлмасин? Ранг кўр, ҳол сўр деб бекорга айтишганми? Йўқ, сизнинг ранг-бошингиз жойида. Оғир-босиқсиз, хиёнаткор, танбал эмассиз. Яна нимани билишим керак?
Бу гапларимни эшитгач, негадир Шаҳнозанинг ранги ўзгарди. Даст ўрнидан турди-да, оқсоқланганча залга кирди.
Унинг бу ҳолатини кўриб қўрқиб кетдим. Қалбига озор берганимдан минг пушаймонлар чекиб ортидан кирдим.
Шаҳноза деразадан ташқарига қараган кўйи туриб қолганди. Кирганимни сезиб илкис мен томон ўгирилди.
Шаҳнозанинг гўзал нигоҳлари аламли тус олганди.
Лабларини асабий тишлаб бир неча сония кўзларимга жавдираб боқди-да, важоҳат билан қичқирди.
— Йўқолинг! Кетинг! Сизни кўришга кўзим йўқ, билдингизми?!. Нега қараб турибсиз? Кетмайсизми?
Бундай муомалани сира кутмагандим. Саросимада қолдим. Кетишни ҳам, тураверишни ҳам билмай довдирай бошладим.
— Кетинг! — такрорлади Шаҳноза титраб-қақшаб. — Бировнинг уйида пишириб қўйибдими сизга? Мени тинч қўйинг! Нафратланаман сиздан, тушунаяпсизми, нафратланаман!
Бу таҳқирни эшитган қулоқларим узилиб тушса бўлмасмиди… Ичимга муз югурди. Вужудимда титроқ турди. Шу аҳволда ҳам ўзим истамаган ҳолда ортга тисландим. Шаҳноза шаштидан тушишига умид боғладим. Кутдим. Афсуски, умидларим пучга чиқди. Шаҳнозанинг гезарган рангида ўзгариш сезилмади. У ҳануз чиқиб кетишимни кутар, баттарроқ қалтираб, асабийлаша борарди.
— Шунақами? — дея сўнгги бор Шаҳнозага тик боқдим. — Майли, кетсам кетавераман. Бунинг қийин жойи йўқ. Фақат…
Гапимнинг давомини айтолмадим. Ғурурим йўл бермади.
* * *
Остона ҳатлаб подъездга чиққаним ҳамоно Шаҳнозанинг ув тортиб йиғлай бошлагани қулоғимга чалинди. У айтиб-айтиб йиғларди.
— Худойим, мен яшашни истамайман! Нега мени қийнайверасан? Жонимни ола қолсанг-чи! Нимага мени бошимга азоб ташлайверасан? Сенга нима ёмонлик қилдим? Яшашни хоҳламайман, хоҳламайман!..
Бу нолалар мени қўл силтаб кетишга қўймасди. Кўнглим бузилиб ортга қайтдим ва яна Шаҳнозанинг тепасида ҳозир бўлдим.
У менга эътибор бермади. Фарёд чекишда давом этди.
— Қачонгача хўрлашади? Шунча тортган қийинчиликларим каммиди? Адо бўлганим етмасмиди?
Бу ҳайқириқни ортиқ жим туриб эшитолмасдим. Танам кимдир игна санчаётган каби ёқимсиз жимирлаб, қулоқларим шанғиллаб кетгандек бўлди.
Жонҳолатда энгашдим-да, Шаҳнозани қўлтиғидан тутиб турғаздим.
У йиғлашдан тўхтади. Бир қўли билан кўз ёшларини арта-арта елкамга суяниб қолди.
— Кошкийди бу дунё кўз ёшларингизга арзиса, — дедим қовоғимни уйиб. — Ундан кўра бугунги кун билан яшаганингиз маъқул эмасми? Намунча куйинавермасангиз?
Шаҳноза жавоб бериш ўрнига аста бориб диванга чўкди.
— Йиғлатган мен эмасми? — сўрадим турган еримдан қимирламай. — Агар шундай бўлса, минг бор узр сўрайман сиздан. Мен аҳмоқни кечиринг!..
— Нега кетмадингиз? — жавдираб сўради Шаҳноза. — Сизга кетаверинг демаганмидим, Қодир ака?
— Аслида кетмоқчийдим, — дедим сир бой бермасликка тиришиб. — Аммо сизни бу аҳволда ташлаб кетолмаслигимни тушундим. Шунинг учун қайтдим.
— Менинг аҳволимга эътибор берманг! Бир умр шундайлигимча қоламан. Ўрганиб ҳам кетганман.
— Қайсарлик қилавериш яхши эмас. Кўзларингиз бошқача гапираяпти, тилингиз эса аксини… Нега тан олгингиз келмаяпти, Шаҳноза?
— Ҳечам. Кўзим ҳам, тилим ҳам бир хил гапиради.
— Ундаймас. Адашаяпсиз.
— Майли, адашган бўлсам, узр!
Шаҳнозанинг сўнгги сўзлари шу қадар мулойим ва самимий чиқдики, менга қайтадан жон ато этгандек, умидларимни уйғотиб юборгандек тетиклашдим. Нимагадир бўлган қаттиқ ишонч вужудимга шиддат олиб кирди.
— Мен сиздан барибир шунчаки осонгина воз кечиб кетолмайман, — дедим пайтдан фойдаланиб қолишга уриниб. — Тушунинг, мен ҳам сиздан кам қийналган эмасман.
— Гап бундамас, — деди Шаҳноза юзини терс буриб. — Мен бошқа нарсани назарда тутган эдим.
— Нимага шаъма қилганингизни англаб турибман. Аммо сиз ноҳақсиз.
— Йўқ, ҳақман!
— Ноҳақсиз.
Шаҳноза кутилмаганда ўрнидан қўзғалди-да, енгимдан тортиб балкон томон судради.
— Юринг, сизга бир нарса кўрсатаман!
Ҳайрон бўлиб унга эргашганча балконга чиқдим.
Шаҳноза балкон деразасини очди-да, бирпас ташқарига тикилиб қолди. Сўнгра қўлтиқлашганча ўтиб кетаётган йигит ва қизга ишора қилди.
— Анавиларни кўрдингизми? — сўради мен тарафга бошини буриб.
— Кимни? — мен ҳам унинг нима демоқчилигини олдиндан сезганим боис атайин ўзимни гўлликка солиб ташқарига алангладим. — Қани? Ким?
— Ҳов анави йигитминан қиз-чи? Ана, қиз сариқ кўйлакда!
— Ҳ-ҳа, уларми? Нима қипти уларга?
— Қаранг, қандай бир-бирларига муносиб экан! Худди узукка кўз қўйгандай.
— Ҳеч нарсани тушунмадим. Бизга уларнинг нима алоқаси бор?
— Наҳотки, нима демоқчилигимни ҳалиям англамаган бўлсангиз?
— Англамадим, — дедим тағин гапни айлантириб. — Йигит ва қиз ўтиб кетди. Бунинг ҳайрон бўладиган ери йўқ.
Шаҳноза уф тортган кўйи залга қайтди. Мен эса, ҳеч нарса бўлмагандек деразадан ташқарини томоша қила бошладим.
* * *
Бу тахлит тураверишим ҳам тўғри эмасди. Ҳар ҳолда Шаҳнозанинг айтмоқчи бўлган гапларини тинглашим, уни меҳр кўрсата олишимга ишонтиришим шарт эди.
Шошилмасдан залга қайтдим. Шаҳноза бўёқлар жойланган қутичани қўлларида айлантирганча тек ўтирарди.
Аста бориб ёнига ўтирдим. У қўлидаги қутичани стол устига қўйди-да, мен томон юзланди.
— Мен ўша ўтиб кетган қиз каби сизга қувонч бера олмайман, — деди беихтиёр бош эгиб. — Чунки менинг оёғим ногирон. Агар сиз билан юрганимда одамлар сизга ачиниш билан боққанларини, ортимдан кулиб, масхаралашларини пайқасам, тамом бўламан. Бу кунимдан ўлганим яхши, тушунаяпсизми? Ногирон ҳеч қачон тўрт мучаси саломат одамга йўлдош бўла олмайди.
— Адашаяпсиз, — дея унинг қўлларини кафтларим орасига олдим. — Ногиронлик айб эмас. Худонинг иши. Шундай экан, мендек хўрланган, масхараланган, йўлини йўқотаёзган кимса сизга жуда муносиб деб ўйлайман. Одамлар сиз эмас, менинг ортимдан кулишади. Сабаби, бу дунё ҳамиша камбағал, ташландиқлар устидан кулишга одатланган.
— Сиз ҳозир нимани орзулаяпсиз? — сўради Шаҳноза ҳамон бошини кўтармай. — Дунёда энг буюк орзунгиз нима?
Мен иккиланиб турдим-да, дилимдагини тилимга кўчирдим.
— Мен зурриёдимдан туғилган гўдакни эркалашга, уни оламга кўз-кўз қилишга, у билан фахрланиб яшашга ташнаман.
— Ана, кўрдингизми, — деди Шаҳноза бирдан жонланиб. — Мен шуниям сизга тортиқ қилолмайман.
— Нега? — ҳайрат аралаш унга тик боқдим. — Энди бу баҳонани ўйлаб топдингизми?
— Йўқ, бошида айтгандим-ку сизга! Буйрагим касал менинг! Фарзандли бўла олмайман.
— Буйракни даволаса бўлади, — дедим қайсарлик билан. — Бу турмуш қурмасликка баҳона бўла олмайди.
— Вой, ким сизга турмушга чиқаман деди ўзи? Менми? Сираям. Мен бир умр ёлғиз ўзим, хаёлларим билангина бирга қолишни хоҳлайман. Менга эр керак эмас.
— Ҳали шунақами?
Очиғи тоқатим тоқ бўлганди. Шаҳнозанинг очиқ-ошкор сўзларидан кўнглим шу қадар қаттиқ оғрий бошладики, ўзимни тута олмай даст ўрнимдан турдим.
— Демак сизга эр керак эмас, шундайми?
Шаҳноза ҳам бўш келай демасди. Менга совуқ тикилиб жавоб қилди.
— Ҳа, яхши англабсиз. Яхшиси, сиз муллака, хотинингиз ҳақида қайғурсангиз бўларди. Сезиб турибман, у сизни ташлаб кетмаган. Шунчаки аразлаб бирор пана-пастқамга беркиниб олган холос. Уф-ф… Эркакларнинг ҳаммаси бир гўр экан. Кўчага чиқиб бирор келишган аёлга кўзи тушдими, тамом, уйдаги хотинини унутишади-ю, янгисининг кетидан тушишади. Қуриб кетсин!..
Бу гаплар энди ортиқча эди. Нима дейишни билмай гарангсиб қолдим. Қалбимни тушунмагани, тушунишни истамагани, мени ҳақоратлагани учун шу тобда уни уришиб ташлагим келди. Лекин журъат қила олмадим. Балки ҳовуридан тушар деган илинжда балконга чиқиб ўтириб олдим. Бошимни чангаллаганча Шаҳнозанинг ичкарига чорлашини, аввалгидек майин, ёқимли сўзлар билан мени юпатишини кутдим.
Шу кўйи ўн дақиқача балконда ўтирдим. Ундан садо бўлмади. Квартирада фақат сукунат ва қайғу, ҳаяжон ва саросимага қоришиқ онлар кезаверди.
«Балки сўзлари ҳақиқатдир? — ўйлай бошладим беихтиёр. — Мен эрта кунда, ноҳақ бировнинг қалбига йўл қидирмадимми? Ростдан кун келиб Сусанна йўлимдан чиқса-чи? Унда қай аҳволга тушаман? Шаҳноза кўнган, менга суяниб, мени севиб, арқоқлаган тақдирда ҳам Сусаннани кўргач, фикрларим, ниятларим, хаёлларим ўзгариб қолмасмикан? Ўзгарса-чи? Мен Сусаннага бўлган севгим томон талпиниб адо бўла бошласам-чи? Унда нима бўлади? Нега ҳалитдан янги севги қидираяпман ўзим? Шу инсофданми? Адолатданми? Қандай қилиб икки аёлни бирдан севиш мумкин? Йўқ, бу тўғри бўлмайди. Биламан, мен ҳеч кимни Сусаннага қиёслай олмайман. Буни кўнглим сезмоқда. Яхшиси, кетишим, кутишим, бардошимга бўйин эгишим, тақдирга тан беришим лозим. Шунда қалбим тинч бўлади. Виждоним ўткинчи жароҳатлардан азобланмайди.
Ҳа, кетаман. Ўз уйимга бораман-да, тек ўтираман. Аламларим, тушкунликда қолиб қийналган қалбимни иш билан овутаман…»
Шундай ўйлар оғушида оҳиста ўрнимдан қўзғалиб кетишга чоғландим.
(давоми бор)
Олимжон ҲАЙИТ