Тошкентда МИБ ходими пора олаётганида қўлга олинди
Бош прокуратура ҳузуридаги МИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда МИБ бўлимининг давлат ижрочиси пора олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди, дейилади Бош прокуратура хабарида.
Инспектор Ф.Э. иш юритувидаги фуқаролик ишлари бўйича жавобгарлар М.Ф. ва бошқалардан даъвогар С.Ф. фойдасига улушни пул миқдорида ажратиш ҳамда эгалик ҳуқуқини белгилаш ҳақидаги ижро варақаси юзасидан юритилган ижро иши бўйича жавобгарларга тегишли бўлган автомашинани С.Ф.нинг номига расмийлаштириб бериш ва ижро ишини тугатиш учун тамагирлик йўли билан ундан 750 000 сўм миқдоридаги пулларни олган.
Аниқланишича, Ф.Э. муқаддам ҳам фуқаро С.Ф.дан юқорида қайд этилган фуқаролик иши юзасидан юритилган ижро ишини тугатиш тўғрисидаги қарорни чиқариб, натижада "Mersedec-Benz 320Е" русумли автомашинани унинг номига расмийлаштириб бериш учун 2.400 АҚШ доллари ва 300.000 сўм миқдоридаги пулларни пора тариқасида олган.
Мазкур ҳолат юзасидан Шайхонтоҳур туман прокуратураси томонидан Ф.Э.га нисбатан ЖКнинг 210-моддаси 2-қисми "а, в" бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.