Ўзбекистон ва Россия ўртасида $27 миллиард қийматига эга деярли 800 та битим имзоланди
Россия-Ўзбекистон бизнес-форуми иштирокчилари. Uza.uz сайти фотоси
Вазирлик маълумотларига кўра, $1,76 млрд миқдоридаги 600 та битим савдо - иқтисодий соҳада ва яна $25,3 млрд қийматига эга 185 та битим инвестиция соҳасида имзоланган. Ўзбекистон ва Россия минтақавий корхоналари ўртасида $1,2 миллиардга эга 242 та савдо-иқтисодий ҳамкорликка доир шартномалар имзоланди ва $1,4 млрд миқдорида ўзаро инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишга доир битимларга қўл қўйилди. Молия-банк соҳасида томонлар $864,6 млн миқдорида 6 та келишувни имзоладилар, жумладан Ўзбекистон Миллий банки ва Россиянинг Сбербанки ўртасида $200 млн миқдорида кредит линиясини очиш, Ўзсаноатқурилишбанк ва Газпромбанк ўртасида $50 млн миқдорида битимлар имзоланди. Форум якунига кўра, Ўзбекистонда 79 та қўшма корхона, 23 та янги савдо уйи ва 20 та улгуржи-таксимот марказлари барпо этилади. Иқтисодиёт вазирлиги айрим келишувларга алоҳида эътибор қаратади. Сурхондарё вилояти ва Ставрополь ўлкасининг «ЭКО Культура» компанияси ўртасида йилига 66 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш, сақлаш ва қадоқлаш имконига эга агрокомплекс яратиш; «Навоий» эркин иқтисодий ҳудудида Навоий вилояти ва Иванов области «ИМЗ Автокран» корхонаси билан ҳамкорликда қиймати $10 млн бўлган, 50 та ишчи ўрин яратиш эвазига йилига 100 дона замонавий автокранларни ишлаб чиқариш имконига эга қўшма корхона яратиш; Уфада $800 минг эвазига яшил коридор тамойилида ишлайдиган ўзбек мева- сабзавотлари савдо уйини ташкил этиш шартномалари шулар жумласидандир. Самарқанд вилояти ва Бошқирдистоннинг «Зурбазар» улгуржи-тақсимот маркази ўртасида тузилган корхонанинг йиллик савдоси $45 млн ташкил этади.
Россия-Ўзбекистон бизнес-форуми иштирокчилари. Gazeta.uz сайти фотоси
Шунингдек, Ўзбекистонда минг гектардан зиёд майдонда лимонларни етиштириш учун иссиқхона қуриш, маҳсулотларни сақлаш ва қайта ишлаш бўйича корхона қуриш борасида шартнома имзоланган. Мазкур лойиҳани амалга ошириш учун Россиянинг «Нива Гринхаусиз» компанияси $100 минг миқдорида сармоя киритади. Эслатиб ўтамиз, мазкур форум Россия президенти Владимир Путиннинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида ўтказилди. Бугун Россия президенти Ўзбекистон президенти билан музокаралар олиб борди. Унда икки мамлакат ҳамкорлиги мустаҳкамланиб бораётгани қайд этилди. Жумладан, президент Мирзиёев “жорий йилда товар айирбошлаш ҳажми 6 миллиард долларга етади. Бу рақам режалаштирганимиздан ҳам ортиқ. Яқин йиллардаги вазифа савдо айланмасини 10 миллиард долларга етказиш”, - деди. Шунингдек, у Путинга Москвада Ислом Каримов шарафига тантанали равишда ҳайкал очилгани учун миннатдорчилик изҳор қилди.
Ўзбекистон президенти матбуот хизмати фотоси
Президент Владимир Путиннинг Ўзбекистонда Россия лойиҳаси асосида Атом электр станцияси қурилишини бошлаш тантанасида иштирок этиши кутилмоқда. Шунингдек, Тошкентда ҳукумат раҳбарлари даражасида ҳамкорликка оид қўшма комиссия тузиш масалалари муҳокама қилинади. “Фарғона” халқаро ахборот агентлиги