Путин: Биз жаннатга тушамиз, душманларимиз эса, афсусланишга ҳам улгурмай, йўқ бўлади
Президентга кўра, ҳимоя тизимлари мамлакатга ядровий ракеталар билан ҳужум қилинганини аниқласагина Москва ядровий қуроллардан фойдаланади.
- Ядровий қуроллардан фойдаланиш стратегиямизда олдини олувчи зарба кўзда тутилмаган. Бизнинг концепция — келаётган зарбага жавоб қайтариш, - деди Путин.
Президент Москва потенциал агрессор Россияга ҳужум қилаётганига амин бўлсагина ядровий қуролдан фойдаланишини таъкидлади.
Путиннинг айтишича, ракета ҳужумлари ҳақида огоҳлантирувчи тизим мавжуд бўлиб, у исталган жойдан ракета отилганини бир неча сония ичида аниқлай олади.
Путин бундай тўқнашув “глобал фожиа” бўлиши айтар экан, Россия биринчи бўлиб зарба бермаслигини айтди.
- Агрессор қасос муқаррар эканлигини, [зарбамиз ортидан] йўқ бўлишини билиши керак. Биз эса агрессия қурбони бўламиз ва жаннатга тушамиз. Улар эса, шунчаки йўқ бўлиб кетадилар, ҳатто афсусланишга ҳам улгурмайдилар, - деди президент.
Очиқ манбалардаги маълумотларга қараганда, 2018 йилнинг 5 февралидаги ҳолатга кўра, Россиянинг 1444 та ядровий жанговар зарядли 527 та стратегик ядро қуроли ташувчи мосламалари – қитъалараро баллистик ракеталари, сувости кемалари баллистик ракеталари ва бошқалар мавжуд.