Украина шарқида уч ҳукумат аскари ҳалок бўлди
Мудофаа вазирлиги эълон қилган билдирувда Россия дастаклаб келаётган айирмачилар оташкесимни етти марта бузгани айтилади. Билдирувда ёзилишича, айирмачилар автоматдан ўқ узган, граната ва миномёт отган.
Айримачилар эса ўз навбатида Украина ҳукумати ҳужумлари туфайли икки оддий фуқаро жароҳат олганини иддао қилди.
Ҳисоб-китобларга кўра, Украина шарқидаги тўқнашувларда 2014 йилнинг апрелидан бери 10300 дан ошиқ одам ҳалок бўлди.
2014 йилнинг сентябрида ва 2015 йилнинг февралида ўқ отишни тўхтатиш бўйича келишилган битимлар шу кунгача бир неча марта бузилди.
2017 йил якунда 23 декабрда кучга кириши керак бўлган янги оташкесим эришилди, аммо ҳар икки тараф бир-бирини уни бузишда айблаб келади.