АҚШ Россиянинг НАТОни кенгайтиришни тўхтатишга доир талабини рад этди
Қўшма Штатлар ва НАТО 26 январь куни Россиянинг “хавфсизлик кафолатлари”га доир талабларига ёзма жавоб берилганини маълум қилди. Аввалроқ Москва Украина чегараси яқинида ўз ҳарбий қудратини ошириши манзарасида Ғарбдан НАТОни кенгайтиришни тўхтатиш талаби билан чиққан эди.
“Жавобда, агар Россия истаса, олдинга томон жиддий дипломатик йўл баён қилинган”, деган АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен. Унга кўра, Қўшма Штатлар мулоқот учун очиқ, бироқ “Украина суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги каби асосий принциплар борки, АҚШ уларни ҳимоя қилишга ва дастаклашга интилади”.
Блинкен яқин кунларда Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашиб, унинг АҚШ позицияси бўйича жавобини билмоқчи эканини айтган.
НАТО вакили ташкилот ўз таклифларини 26 январь куни Қўшма Штатлар билан баравар Россияга етказганини билдирган.
Россиянинг Украина яқинида катта ҳарбий куч тўплаши Киев ва унинг Ғарбдаги тарафдорларини жиддий ташвишга солмоқда. Москва НАТОни кенгайтиришни тўхтатишни ва Россия чегаралари яқинида альянснинг ҳарбий фаоллигини чеклашни талаб қиляпти. НАТО мазкур талабни ножоиз деб ҳисоблашини аллақачон маълум қилган.
Ғарб разведка хизматларига кўра, Россиянинг Украина билан чегарадош ҳудудларда 100 минг нафар аскар жамлагани, қуруқликда ва денгизда қатор ҳарбий машқлар ўтказаётгани ушбу мамлакатга қарши кенг кўламли амалиёт бошлашга ҳозирлик кўраётганидан далолат беради. Москва эса Украинага бостириб киришни режалаётганини инкор қилиб келмоқда.