Мирзиёев “Конституцияга ўзгартириш киритишга шошилишнинг ҳожати йўқ”лигини айтди
Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманида 6 октябрда бўлиб ўтган йиғилишда сўзлаган президент Шавкат Мирзиёев “Конституцияга ўзгартиришлар киритишда шошилишнинг ҳожати йўқлиги”ни яна бир бор таъкидлади.
“Одамларимиз бу менинг конституциям деб қабул қилиши учун керак бўлса яна бир марта халқ билан маслаҳатлашамиз. Нимага десангиз 150 мингта таклиф юборган одамларга бу таклиф ўринли ёки ўринсиз, буни қабул қиламиз, бунисини эса қабул қилмаймиз, нимага қабул қиламиз ва нима учун қабул қилмаймиз деб жавоб бериш керак. Шундай замон келибди, менинг фикримни ҳам эшитишибди деган фикр бўлади. Шу боис шошилмаслик тўғри бўлади”, деб президент сўзларидан иқтибос келтирди “Кун уз”.
Бундан аввал ҳам президент Конституцияга ўзгартиришлар киритиш масаласида шошилмаслик лозимлигини, уни “шошилмасдан, чуқур ўйлаб, халқ билан маслаҳатлашиб” қабул қилиш кераклигини бир неча бор таъкидлаган эди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 15 июлда Конституциявий қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамасининг муддатини 1 августга қадар узайтириш ҳақида қарор қабул қилган эди. Бу билан муддат уч марта ўзгартирилди.
Конституцияга киритиладиган ўзгартишлар лойиҳаси 25 июнь куни эълон қилинган ва унинг умумхалқ муҳокамасига 10 кун берилган эди. Аммо 1-2 июнь куни содир этилган Нукус воқеалари ортидан Олий Мажлис муҳокама муддатини яна 10 кунга узайтирган эди.
Қонунчилик палатаси 4 июль кунги мажлисида мамлакат Конституцияси янги таҳриридаги Қорақалпоғистон Республикаси суверенитетига оид моддаларни ўзгаришсиз қолдириш ҳақида қарор қабул қилди.
1 июль куни бошланиб кетган оммавий норозилик намойишлари манзарасида Нукусга борган президент Мирзиёев асосий қонундаги минтақанинг мақомига доир 70, 71, 72, 74, 75-моддалари ўзгаришсиз қолдирилишини айтган эди.
Конституцияга ўзгартишлар юзасидан умумхалқ референдуми санаси ҳозиргача эълон қилинмаган. Референдум амалдаги президент муддатини “ноллаштириши” ва янги президентлик муддатини 5 йилдан 7 йилга узайтириши кутилади.