Саудия Арабистони раҳбарлигидаги коалиция Яманга зарба берди
Хусий исёнчиларига қарши курашаётган Саудия Арабистони раҳбарлигидаги коалиция 1 январь куни Яманга ҳаводан зарба берди. Хусийлар назоратидаги нашрлар Яман пойтахти Санага берилган зарбада камида 20 киши, жумладан, шифокорлар ва тинч аҳоли ҳалок бўлганини билдирди.
Яманга ҳаво зарбаси Бирлашган Араб Амирликларига 17 январь куни учувчисиз бошқариладиган учувчи аппаратлар ва ракеталардан ҳужум уюштирилганига жавоб бўлди.
Бирлашган Араб Амирликларининг Абу-Даби шаҳри атрофига қилинган ҳужум учун масъулиятни Эрон томонидан қўллаб қувватланаётган Хусий исёнчилари ўз зиммасига олган эди. Мазкур ҳужумда икки киши ҳалок бўлган.
Хусийлар бунга қадар Саудия Арабистонига бир қатор ҳужумларни амалга оширган эди. Абу-Дабига хусийлар биринчи марта ҳужум қилди. Ҳужумдан сўнг Бирлашган Араб Амирликлари БМТдан зудликда БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишини ўтказишни талаб қилди.
Саудия Арабистони Хусий исёнчилари Яман ҳукуматини эгаллаб олган 2015 йилдан бери бу мамлакатга ҳаводан камида 23 минг марта зарба берди. Уларда камида 18 минг киши ҳалок бўлди.
2015 йилда Эрон томонидан дастакланадиган Хусий шиа исёнчилари Яманнинг жаҳон ҳамжамияти тан олган лидери Абд Раббу Мансур Ҳодийни ҳокимиятдан ағдариб, ҳукуматни босиб олган. Ҳодий Саудия Арабистонига қочган.