Москва суди сиёсий маҳбус сифатида тан олинган Мифтаховни уч йилга қамади
Москва шаҳар Головин туман суди Москва давлат университетининг 27 ёшли аспиранти Азат Мифтаховни уч йил аввал ҳукмрон “Ягона Россия” партияси офисига сиёсий нафрат асосида ўт қўйишга алоқадор деб топди ва уни уч йил қамоқ жазосига ҳукм қилди. Мифтахов билан бирга судланган Елена Горбань ва Андрей Ейкин озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазога тортилди.
Икки йилдан бер қамоқда сақланаётган Мифтахов айбловни тан олмади. У партия офисига ўт қўймаганини ва ҳеч қандай “сиёсий нафрат”га эга эмаслигини айтди. Елена Горбань айбловни қисман, Андрей Ейкин эса тўлқи тан олди. Елена Горбань ва Андрей Ейкин Азат Мифтаховнинг партия офисига ўт қўйилишига алоқаси йўқлигини айтишди. Бироқ суд бу гувоҳликни қабул қилмади.
Суд биноси олдига Мифтаховни қўллаб-қувватлаган фаоллар йиғилди. Полиция улардан ўнга яқинини қўлга олди.
Мифтахов иши халқаро даражада шов-шув бўлди. Унинг ҳимояси учун юзлаб талаба ва унвиерситет ўқитувчилари, жаҳоннинг 15 мамлакатидаги 2500 математик чиқди.
Математик олимлар Мифтаховга нисбабтан жиноят иши сохталаштирилганини билдириб, ундан барча айблов олиб ташланишини талаб қилмоқда.
Азат Мифтахов 2019 йилнинг 1 февралида қўлбола портловчи мослама ясаганликда айбланиб қўлга олинган эди. Мифтахов тергов жараёнида унга нисбатан қийноқлар қўлланилганини билдирган. Орадан бир ҳафта ўтгач полиция Мифтаховни қамоқдан чиқаришга мажбур бўлган.
Мифтахов озход этилган куниёқ “сиёсий нафрат асосида содир этилган безориликда” айбланиб қайта қўлга олинган.
“Мемориал” ҳуқуқ маркази Азат Мифтаховни сиёсий маҳбус сифатида эълон қилган.