Буюк Британияда локдаундан кейин маҳаллий чекловлар жорий қилинади
Буюк Британияда 2 декабрь куни коронавирус туфайли жорий қилинган умуммиллий карантин тугайди ва у маҳаллий чекловлар билан ўрин алмашади. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Борис Жонсон эълон қилди, деб ёзади «РБК»
Янги чоралар март охиригача сақланиб қолади, уларнинг самарадорлиги ҳар икки ҳафтада баҳоланиб боради.
Буюк Британия ҳудудлари эпидемиологик вазиятга ва чекловларнинг қатъийлик даражасига қараб учта турга ажратилади. Бутун мамлакат бўйлаб чакана савдо ва спорт заллари очилади, паб ва ресторанларнинг кечқурунги 10 гача ишлаши бўйича чекловлар олиб ташланади, кўпи билан олти киши бўлиб очиқ ҳавода учрашишга рухсат берилади.
Қайси ҳудудда қай даражада чекловлар жорий қилиниши кейинроқ маълум бўлади.
Борис Жонсоннинг айтишича, ҳукумат пандемия шароитида Рождество байрамини нишонлашнинг ўзига хос хусусиятларини кўриб чиқмоқчи. Бош вазир одамлар кекса қариндошлари билан кўришиш қандай хавфга эга эканлигини тушуниши кераклигини айтди. «Бу вирус биз билан Рождество учун сулҳ тузмайди», — деди у.