Туркия: Измирда 6,6 балли зилзила рўй берди
Туркия ғарбида 30 октябрь куни маҳаллий вақт билан соат 14.51 да 6,6 балли зилзила содир бўлган. Онадўли агентлиги хабарига кўра, бинолар қулагани айтилган ҳудудга қутқарувчилар йўлланган.
Туркия ҳукумати ҳузуридаги Фавқулодда вазиятлар оқибатлари олдини олиш ва бартараф этиш бошқармаси маълумотига мувофиқ, зилзила маркази Эгей денгизининг Измир вилояти Сеферҳисар тумани соҳилига яқин ҳудудида бўлган. Зилзила ўчоғи 16,5 километр чуқурликда бўлгани айтилмоқда.
Маълумотларга кўра, ер силкиниши 15 сонияга яқин давом этган ва мамлакат ғарбидаги (Эгей денгизи бўйлари) кўплаб вилоятларда сезилган.
Туркия Ички ишлар вазирлиги ер қимирлаши оқибатида Измирнинг Бўрнўва ва Байрақли мавзеларида олти турар-жой биноси вайрон бўлгани ҳақида билдирди. Қутқарувчилар Байрақлида қулаган бино вайроналари орасидан 4 кишини қутқаришга муваффақ бўлганлар.
Сўнгги маълумотларга кўра, зилзила оқибатида 6 киши нобуд бўлган, 120 киши тан жароҳати олган.
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Измирдаги зилзила оқибатида жабр кўрган ватандошларга ҳамдардлик билдирди.