Беларус Латвия, Литва, Украина ва Польша билан чегарасини ёпди
Беларус ҳукумати ҳеч қандай огоҳлантиришларсиз Латвия, Литва, Украина ва Польша билан чегараларини ёпиб, бу мамлакатлардан Беларусга киришга чеклов ўрнатди. Беларус Чегара қўмитаси бу ҳолатни коронавирус пандемияси билан боғлади. Аммо бир кун олдин президент Александр Лукашенко Беларус армияси Латвия, Литва, Украина ва Польша “агрессиясига муносиб жавоб қайтаришга тайёр” эканини айтган эди.
Озодлик радиоси беларус хизматининг хабар беришича, чегараларда автотиқинлар юзага келган. Қўшни давлатлардаги беларуслар ўз уйларига қайта олмаётганидан шикоят қилишмоқда. Чегарадан фақат дипломатик ва юк ташувчи автомашиналарни ўтказишмоқда.
Хорижга кетаётган беларусларни чегара хизмати тез кунларда ватанларига қайта олмасликлари тўғрисида огоҳлантирмоқда. Айни пайтда Минск аэропорти одатдаги режимда ишламоқда.
Пайшанба куни Александр Лукашенко АҚШ давлат котиби Майк Помпео билан телефон орқали қилган мулоқоти ҳақида журналистларга маълумот берган эди.
Ўшанда Александр Лукашенко: “Мен Помпеони огоҳлантиридим: Польша, Литва, балки Украина томонидан ҳам таҳдид бўлса, биз муносиб жавоб қайтарамиз”,-деб айтган.
Лукашенко шу куниёқ чегараларни мустаҳкамлаш тўғрисида буйруқ берган.