Эмомали Раҳмон бешинчи бор Тожикистон президенти лавозимига киришди
Тожикистонни қарийб 28 йилдан бери бошқариб келаётган Эмомали Раҳмон 30 октябрь куни қасамёд қилиб, расмий равишда бешинчи марта мамлакат президенти лавозимига киришди. Озодликнинг тожик хизмати хабарига кўра, қасамёдга келтириш маросими жума куни пойтахт Душанбедаги “Кўҳи Сомон” қароргоҳида ўтказилган.
Маросимда сўзлаган нутқида Эмомали Раҳмон яқин етти йил ичида Тожикистон тўлалигича энергетика мустақиллигига эришиши, транзит мамлакатга айланиб, коммуникацион боши берк кўчадан чиқишини билдирган. Унга кўра, бошқа бир стратегик вазифа мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўлиб қолмоқда.
Қасамёдга келтириш маросимидан сўнг Душанбеда парад ўтказилган ва унда, маълумотларга кўра, етти мингдан зиёд ҳарбий иштирок этган.
Тожикистон Марказий сайлов комиссияси 11 октябрь куни бўлиб ўтган президент сайловида Эмомали Раҳмон учун сайловчиларнинг 90 фоиздан кўпроғи овоз берганини эълон қилган. Айни пайтда Ғарб мамлакатлари Э. Раҳмон ҳукмронлиги даврида Тожикистондаги бирор сайлов демократик, шаффоф ва халқаро стандартларга мос равишда ўтмаганини айтиб келишади. Сўнгги президент сайловида ҳам Эмомали Раҳмонга ҳақиқий рақиб бўла оладиган номзодлар қатнашган эмас.