Озарбайжон президентининг ўғли 9 ёшидан бошлаб Москвада 35 миллион долларлик уйга эгалик қилмоқда
Озарбайжон президентининг ўғли Гейдар Алиев 9 ёшидан бери Россиянинг энг нуфузли ва қиммат бўлган Рублёвка мавзесидаги данғиллама ҳовлилардан бирига эгалик қилади.
Озодлик радиоси рус хизматининг "Проект" нашрига таяниб хабар беришича, “Майендорф боғлари” деб аталган ҳудуддаги бу ҳовлининг нархи ҳозирда 2 миллиард 300 миллион рублни, яъни 35 миллион долларни ташкил қилади.
Хабарда айтилишича, дастлаб ҳовли Озарбайжон президенти Илҳом Алиевнинг қайнотаси Ориф Пашаев номига расмийлаштирилган. У орадан бир йил ўтиб, бу ҳовлини набираси Гейдар Алиевга совға қилган.
Жорий йилда 24 ёшини нишонлайдиган Гейдар Алиев 9 ёшидан бошлаб эгалик қилаётган мазкур ҳовли 1,6 минг квадрат метрдан иборат ва 1,7 гектар ерни эгаллаган.
Мазкур ҳовли Озарбайжон президентининг катта қизи Лейла Алиеванинг уйига қўшнидир. 1985 йилда туғилган Лейла Алиева бу уйга 20 ёшидан эгалик қилган.