Арманистонликлар муҳим парламент сайловида овоз бермоқда
Арманистонда юз минглаб киши норозилик билдириб, кўчага чиққанидан 9 ой ўтиб, навбатдан ташқари парламент сайлови бўлмоқда. Йил бошидаги норозилик намойишлари ҳукуматнинг ўзгаришига сабаб бўлган ва демократик бошқарув ўрнатилишига умид туғилган эди.
Сайлов олдидан ўтказилган сўровда аксарият иштирокчилар, Бош вазир вазифасини бажарувчи Никол Пашиняннинг “Менинг қадамим” иттифоқи 9 декабрдаги сайловда ғалаба қозониши мумкинлигини айтди.
Коррупцияга қарши курашиб келган собиқ журналист Пашинян намойишларга бошчилик қилганди.
Оқибатда, узоқ вақтдан бери ҳокимиятни эгаллаб келган Серж Саркисян ўз лавозимидан кетишга мажбур бўлган.
Гарчи, ўша пайт Пашинянга мухолиф Республикачилар партияси парламентда кўпчиликни ташкил қилган бўлса ҳам, у Бош вазир лавозимига сайланди.
Октябрда Пашинян парламентни тарқатиб юбориши ва янги сайлов ўтказиш учун истеъфо беришини эълон қилди. У янги парламент тузилиб, янги бош вазир сайлангунча унинг вазифасини бажариб турибди.
Пашинян бошлиқ блок пойтахт Ереван шаҳри ҳокими сайловида ишончли ғалаба қозонганидан сўнг муддатидан аввар парламент сайлови ўтказишга қарор қилди.
Айни сайловда Пашиняннинг “Менинг қадамим” иттифоқи, яна 9 партия ва бир альянс Миллий ассамблеядаги 101 депутатлик ўрни учун кураш олиб бормоқда.
1-4 декабрь кунлари Галлап ижтимоий сўров маркази 1100 нафар сайловчи ўтрасида ўтказган сўров натижаларига кўра, “Менинг қадамим” иттифоқи 69,4 фоиз овоз олиб, барча партиялардан ўзиб кетиши мумкин.
Бошқа бирор партия 6 фоизлик чекловдан ўта олмаслиги, Республикачилар партияси эса 1,3 фоиз овоз олиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.
Гарчи, Пашинян Арманистоннинг Қўшма Штатлар ва Европа билан алоқаларини яхшилаш нияти борлигини айтган бўлса-да, Жанубий Кавказ минтақасидаги бу республикаси Россиянинг яқин иттифоқчиси саналади.