Тиббий-ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига хизмат кўрсатувчи янги агентлик тузилади
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошида Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги ташкил этиладиган бўлди.
ЎзА агентлигининг хабар қилишича, янги тузилма президент Мирзиёевнинг шу йил 7 декабрь куни имзолаган "Соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида"ги фармонига асосан тузилади.
Янги агентлик зиммасига юкланган асосий вазифалар:
- кексалар, ногиронлар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифалар тиббий-ижтимоий ҳимоясига қаратилган ягона сиёсатни шакллантириш,
- ногиронликни белгилаш учун кенг қамровли ягона тизим яратиш,
- ногиронлар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатадиган муассасаларни очиш,
- реабилитацияга муҳтож шахсларни протез-ортопедик буюмлар ва реабилитация техник воситалари билан таъминлашдир.
Фармонда айтилишича, Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2 ой ичида агентликни очиш учун зарурий тузилма ва низомни ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиши керак.
Шунингдек, фармонда Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасидаги сметали молиялаштириш тизимининг эскиргани, касалликларни профилактика қилиш ва эрта аниқлаш бўйича ишларнинг сустлиги, "Тез тиббий ёрдам" марказлари ва қишлоқ врачлик пунктларини мутахассислар билан таъминлаш тизимлари танқид қилинган.
Бу каби муаммоларга барҳам бериш учун эса, фармонда, замонавий бошқарув тизимини ва ҳудудларда соғлиқни сақлашни ташкил этишнинг “кластер” моделини шакллантириш кўзда тутилган.