Шифохоналарда мажбурий меҳнатга йўл қўйилмаслиги учун комиссиялар тузилади
Соғлиқни сақлаш вазирлиги тиббиёт муассасаларида ходимларинг мажбурий меҳнатга жалб этилишига йўл қўймаслик учун махсус комиссиялар тузилишини маълум қилди.
Вазирликка таяниб Gazeta.uz сайтининг хабар қилишича, вазир Алишер Шодмонов Бош вазир Абдулла Арипов билан ўтган видеоселектор йиғилишидан сўнг шундай топшириқ берган.
Расмий хабарга кўра, комиссиялар доимий равишда ишлайди ва шифокорлар, ҳамшираларнинг дала, коммунал ва ободончилик ишларига иш ҳақисиз жалб қилиниши ҳолларини назорат қилади.
"Бундан буён соғлиқни сақлаш соҳасининг бирорта ходими жамаотчилик ишларига жалб қилинмайди. Ўз-ўзини алдаш, кўзбўямачилик билан бир-икки кун кун кечириш мумкин, аммо бу билан келажакни қуриб бўлмайди", дея иқтибос келтиради нашр вазир Алишер Шодмоновдан.
17 апрель куни Вазирлар Маҳкамасида бош вазир Абдулла Арипов раислигида йиғилиш бўлиб ўтган эди.
Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бошланган мажбурий меҳнатга қарши кампания доирасида ўтказилган йиғилишда бош вазир бу борада содир этилган қонунбузарликларни санади.
Бош вазир содиқлигини кўрсатиш учун бюджет ташкилотлари ходимларини мажбуран ишлатаётган раҳбарларни қаттиқ қоралади.
Йиғилишда бир неча вилоят ҳокими ҳамда икки вазир мажбурий меҳнатга йўл қўйганини тан олди ва бундай тутум қайтарилмаслигига ваъда берганди.