БМТ Хавфсизлик кенгаши раиси Афғонистондаги вазиятдан ташвиш билдирди
БМТ Хавфсизлик кенгашига раислик қилаётган Қозоғистоннинг БМТдаги элчиси Кайрат Умаров кенгашнинг Афғонистонга сафар қилган делегацияси мамлакатдаги вазиятдан ташвиш билдирганини айтди.
-Ташриф давомида Хавфсизлик Кенгаши аъзолари мамлакатда беқарорлик сақланиб қолаётганидан, айниқса Афғонистон шимоли ва шарқида Сурия ва Ироқдан Афғонистонга кириб келган жанггари гуруҳлар фаоллашганидан ташвиш билдирдилар, -деди Кайрат Умаров.
Яқинда БМТ Хавфсизлик кенгаши делегацияси вазиятни ўрганиш учун Афғонистонга борган эди. Афғонистон масаласи шу кунларда Хавфсизлик кенгашида муҳокама қилиниши кутилмоқда.
Қозоғистоннинг БМТдаги элчиси Кайрат Умаров 1 январдан ротация асосида БМТ Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимига киришди.